Пилла мавсуми ишлари самарали давом эттирилмоқда
Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Шарипов бошчилигида республикада пилла мавсуми ишларини самарали давом эттириш бўйича масъул мутахассислар иштирокида ZOOM платформаси орқали йиғилиш бўлиб ўтди.
Маълумки, жорий йил 1-2 мавсумда 443 минг 560 қути ипак қурти парваришланиб 25,7 минг тонна пилла хомашёси етиштирилиши кўзда тутилган. Шундан, 3,1 триллион сўмлик ипак маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Вилоятлардаги корхоналарнинг иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқиб, ипак қуртларининг ҳар 1 қутиси учун пиллакорларга 300-500 минг сўмдан нақд пул кўринишида ёки 1 қоп ун ва 5 литрдан ўсимлик ёғи аванс сифатида тарқатилмоқда.

Йиғилишда мазкур ишлар назоратини кучайтириш ва пилла ҳосилини сифатли териб олиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА