Пешку туманига янги ҳоким тайинланди
Бухоро вилояти Пешку туманида халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокими ўринбосарлари, ҳудуд фаоллари ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.
Сессияда вилоят ҳокими Ботир Зарипов нутқ сўзлаб, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш, инвестицияларни жалб этиш ва ҳудуд салоҳиятидан самарали фойдаланиш борасида олдинда турган устувор вазифаларга тўхталди.
Кун тартибида ташкилий масала кўриб чиқилди.
Ҳаёт Давлатов Бухоро вилояти ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникацияларни ривожлантириш, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланганлиги муносабати билан Пешку тумани ҳокими лавозимидан озод этилди.
2020 йилдан буён вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган Анвар Ҳамроев Пешку тумани ҳокими этиб тасдиқданди.
Сессия якунида Пешку туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестиция лойиҳаларини кенгайтириш, инфратузилмани яхшилаш ҳамда ҳудудни ободонлаштириш борасида истиқболдаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири