Перуда яна бир янги президент тайинланади
Конгрессмен Франсиско Сагасти овоз бериш натижаларига кўра, Перу конгресси раҳбари этиб сайланди. Бу унга вақтинча мамлакат президенти ўрнини эгаллаш ҳуқуқини беради.
Конгрес биринчи вице-спикери лавозимига Мирта Васкес сайланди. Энди Сагасти давлат раҳбарлигига ўтиши билан Васкес конгрессга бошлиқ бўлади.
Бўлиб ўтган шошилинч мажлисда Перу конгресси мамлакатнинг янги президентини сайлаш бўйича бир қарорга кела олмади. Эслатиб ўтиш жоиз, йиғилишга давлат раҳбарлиги учун бошқа номзодлар тақдим этилганди.
Мажлисда парламентнинг янги раҳбарияти учун 97 конгрессмен ёқлаб овоз берди, 26 киши қарши чиқди, бетарафлар бўлмади.
Икки кун олдин атиги бир неча кунгина Перу президенти курсисида ўтирган Мануэль Меринонинг муваққат ҳукумати ҳукуматга қарши норозилик намойишини тарқатиш чоғида 2 нафар фуқаро ҳалок бўлиши ортидан истеъфо берганди.
Бир ҳафтача олдин, аниқроғи 9 ноябрь куни эса Перу Конгресси мамлакат президенти Мартин Вискаррани фаолият юритишга лаёқатли эмас, деб топган ва унга нисбатан импичмент эълон қилган. Маълум бўлишича, Вискарра 2011-2014 йиллари Мокегуа минтақасига губернаторлик қилган даврида порахўрлик билан боғлиқ жиноят содир этганликда айбланмоқда.
ЎзА