Пекинда ўтказилган бизнес форум
Ўзбекистон – Хитой: мустаҳкам дўстлик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик
Хитой Халқ Республикасида Жиззах вилояти делегациясининг қатор учрашув ва тақдимотлари икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда. Пекин шаҳрида Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонасида ўтказилган бизнес форум ана шу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси бўлди.

Мазкур форумда 50 дан ортиқ хитойлик инвестор иштирок этиб, қишлоқ хўжалиги, қайта ишлаш саноати, логистика ва қурилиш материаллари соҳаларидаги ҳамкорлик имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди. Жиззах вилоятининг инвестицион салоҳияти, саноат зоналари ва ишлаб чиқариш имкониятлари бўйича тақдимотлар инвесторларда катта қизиқиш уйғотди.

Тадбир доирасида ўтказилган B2G форматдаги учрашувлар эса мулоқотларни янада аниқ манзилга йўналтирди. Мазкур формат — “Business to Government”, яъни бизнес ва давлат тузилмалари ўртасидаги тўғридан-тўғри ҳамкорлик механизми бўлиб, у орқали инвесторлар ўз лойиҳаларини давлат органлари билан бевосита муҳокама қилади, ташкилий ва ҳуқуқий масалаларни тезкор ҳал этиш имконига эга бўлади.
Жиззах делегациясининг Хенан провинциясида жойлашган Чженчжоу шаҳридаги учрашувлари ҳам амалий натижаларга бой бўлди. 20 дан ортиқ йирик саноат корхоналари фаолияти билан яқиндан танишилгани, хусусан, “ZMJ Holding”, “Henan Sichuan Group”, “Henan Shangfa Valve Co., Ltd”, “Henan Sifangda Superhard Materials Co., Ltd”, “Zhengzhou Handu Pharmaceutical Group”, “SAIC Motor” каби нуфузли компаниялар билан музокаралар ўтказилгани ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга замин яратди.

Учрашувлар чоғида металлургия, ақлли ҳисоблагичлар ишлаб чиқариш, конларни қазиб олиш ва қайта ишлаш технологиялари каби стратегик йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, Жиззах вилоятининг инвестицион муҳити ва мавжуд имкониятлари ҳақидаги тақдимотлар хорижий шерикларда ишонч уйғотди.

Музокаралар якунида қатор истиқболли лойиҳалар бўйича дастлабки келишувларга эришилгани, энг муҳими, ўзаро ишонч ва манфаатлар уйғунлигига асосланган янги ҳамкорлик пойдевори қўйилгани қайд этилди. Бу эса Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари изчил равишда мустаҳкамланиб бораётганининг яна бир амалий тасдиғидир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири