Пастдарғомдаги Қўрғонтепадан қадимий тангалар топилди
Пастдарғом – Самарқанд вилоятидаги энг йирик туманлардан бири. Гарчи вилоят тарихи, қадимий обида ва муқаддас қадамжолари ҳақида гап кетганда мазкур туман билан боғлиқ маълумотлар кам тилга олинса-да Самарқанд шаҳри яқинида жойлашгани учун Пастдарғомда кўплаб археологик ёдгорликлар мавжуд. Ва уларнинг ўтмиши бир неча асрларга бориб тақалади.
Шу туманда яшовчи ва унинг тарихи билан қизиқиб қадимий қабристон ва тепаликларни ўрганишга интилаётган ўқитувчилар – Акмал Ҳамроев ва Шариф Сахатов яқинда Қумариқ қишлоғидаги Қўрғонтепа археологик ёдгорлигидан аҳоли томонидан бир нечта танга ва кулолчилик маҳсулотлари парчалари, бронза ва бошқа металдан ясалган буюмлар топилганига гувоҳ бўлдилар.
– Ошиқ ота маҳалласи Қумариқ қишлоғидаги қабристон ва қадимий тепаликлар билан қизиқиб бу ерга келганимизда ушбу катта археологик ёдгорлик борлигини кўрдик, – дейди Акмал Ҳамроев. – Шу ерда яшовчи аҳоли бу жойни Қўрғонтепа деб атар экан ва унинг тарихи бир неча минг йилга бориб тақалишини айтишди. Бу бежиз эмас, деб ўйлаймиз. Чунки, ушбу тепалик яқинида Дўрмонтепа, Қоровултепа, Мунчоқтепа археологик ёдгорликлари бор ва уларнинг ҳар бири ўтмишимизнинг муҳим бир бўлаги ҳисобланади. Қишлоқ аҳолиси билан суҳбатлашганимизда улар ушбу тепалик ва унинг атрофида деҳқончилик билан шуғулланиш жараёнида қадимий ашёлар топиб олганликларини билдиришди. Бу топилмалар орасида турли даврларга оид меҳнат ва ов қуроллари бўлаклари, танга, сопол буюмлар бор. Тарихчи ва археологлар ушбу топилмаларга қараб, бу маскан қадимий шаҳар ёки йирик аҳоли яшаш манзили бўлганлигини тахмин қилишмоқда. Демак, агар тепалик ўрганилса, бу ердан тарихимизнинг муҳим саҳифаларини ўқиш имконияти пайдо бўлиши мумкин.

Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти етакчи илмий ходими, тарих фанлари номзоди Амриддин Бердимуродовнинг таъкидлашича, Пастдарғомнинг тарихи Самарқанд шаҳри тарихи каби бой ва қадимий ҳисобланади. Бу ерда 70 га яқин археологик ёдгорлик рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг ҳар бири замирида бир неча минг йиллик ўтмишимиз мужассам.
– Давлатчилик тарихимиз уч минг йилдан ошади, – дейди А.Бердимуродов. – Бу археологик тадқиқотлар натижасида исботланган. Шу билан бирга яна ўнлаб, юзлаб ёдгорликларимиз ўз тадқиқотини кутиб турибди. Уч минг йил давомида аждодларимиздан минглаб ёдгорликлар, обидалар қолган. Бугун улар аксариятининг номи бўлса-да нишони йўқ. Аниқроғи, улар вайрон бўлиб, тупроқ остида қолиб кетган ва бизгача тепаликлар етиб келган. Тепаликлар эса аслида ёдгорликлардир. Улар қатида тарихимиз ётибди. Мазкур археологик ёдгорлик – Қўрғонтепани ҳам антик давр ёдгорлиги дейиш мумкин. Бу ерда топилган ашёларда ўрта асрлар, темурийлар даври излари бор. Аҳоли бу ердан танга, кулолчилик намуналари топганлигини айтмоқда. Ашёларнинг сифати юқори ва яхши сақланган. Бу эса ўтишда ушбу аҳоли яшаш манзилининг Буюк ипак йўли ёқасидаги йирик шаҳар ёки қўрғон бўлганидан, ҳунармандчилик яхши ривожланганидан далолат беради. Археологик қазишма ишлари олиб борилса, бу ердан Пастдарғом тарихи билан боғлиқ муҳим маълумотлар аён бўлиши мумкин. Лекин ўрганиш олиб борилгунча тепаликни асраш керак, бу ерда ҳар қандай илмий тадқиқот, қазишма ишлари тегишли рухсатнома асосида, мутахассислар томонидан олиб борилиши лозим.
Ҳа, юртимизнинг ҳар бир манзили муқаддас ва қадимий. Фақат уни ўрганиш, тадқиқ этиш зарур. Узоқ ўтмишга бориб тақаладиган Пастдарғом тарихини ўрганишга ҳам мутасаддилар эътибор қаратадилар ва бу иш яқин орада амалга ошишига ишонамиз.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/sKs3jRyk7-U?si=S4P76e4gfCUajtIi" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (видео), ЎзА мухбирлари