Парламент ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлиги таҳлил қилинди
Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида демократик ислоҳотларни изчил давом эттириш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш устувор вазифалардан бирига айланган. Бу жараёнда давлат органлари билан бир қаторда фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштироки муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда мамлакатимизда 9 минг 627 та нодавлат нотижорат ташкилоти, 9 минг 8 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, 2 минг 490 та оммавий ахборот воситаси ва 3 мингга яқин турли жамоат тузилмалари фаолият юритмоқда. Уларнинг давлат идоралари билан ҳамкорлиги, ташаббускорлиги бугунги ислоҳотлар самарадорлигида муҳим ўрин тутади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган “Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишда фуқаролик жамияти институтларининг иштироки” мавзусидаги давра суҳбатида айни шу масалалар ҳақида сўз борди.
Қайд этилганидек, Янги таҳрирдаги Конституцияда “Фуқаролик жамияти институтлари” деб номланган бобнинг киритилиши мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлидаги муҳим тарихий қадам бўлди.

Тадбирда Учинчи Ренессанс ғоясини амалга оширишда парламент ва фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтириш, қонун ижодкорлиги жараёнида жамоатчилик иштирокини кенгайтириш, фуқаролик жамияти институтларининг Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдаги иштирокини кенгайтиришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Соҳадаги долзарб масалалар атрофлича таҳлил қилиниб, ўзаро фикр алмашилди ҳамда эксперт ва мутахассислар томонидан амалий таклифлар илгари сурилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА