“Ўзсувтаъминот” Япония компанияси билан янги лойиҳани бошлади
Бугунги кунда аҳолини сифатли ва узлуксиз ичимлик суви билан таъминлаш билан бир қаторда, мазкур жараёнда энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳам долзарб вазифалардан бирига айланмоқда. Айниқса, сувни олиш, тозалаш ва истеъмолчиларга етказиб бериш жараёнларида замонавий, энергия тежамкор технологияларни қўллаш соҳанинг иқтисодий самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Шу нуқтаи назардан, “Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан сув таъминоти объектларини модернизация қилиш, энергия сарфини мақбуллаштириш ва илғор технологияларни амалиётга кенг татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада халқаро тажриба ва замонавий технологик ечимлардан фойдаланиш мақсадида Япониянинг “Kubota Corporation” компанияси билан ҳамкорлик доирасида янги лойиҳаларни амалга оширишга киришилди.
Жумладан, “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Нодир Ходжамов “Kubota Corporation” компанияси вакиллари билан учрашиб, сув таъминоти тизимида энергия самарадорлигини ошириш, электр энергияси сарфини камайтириш ҳамда юқори самарадорликка эга замонавий насос агрегатларини жорий этиш масалаларини муҳокама қилди.

Мулоқотда сув таъминоти объектларининг техник имкониятларини яхшилаш билан бирга, уларнинг эксплуатация харажатларини камайтириш ва энергия ресурсларидан самарали фойдаланишга қаратилган технологик ечимларни татбиқ этиш масалаларига эътибор қаратилди.
Учрашув якунида “Қорақалпоғистон сув таъминоти” АЖ иншоотлари ҳамда “Тошкент шаҳар сув таъминоти” АЖ тасарруфидаги 3 та насос станциясида энергия тежамкор насос агрегатларини ўрнатишни назарда тутувчи лойиҳа бўйича “Kubota Corporation” консорциуми билан шартнома имзоланди.
Лойиҳа доирасида 4 та замонавий насос агрегати ва 5 та частота ростлаш қурилмасини ўрнатиш кўзда тутилган.
Мазкур технологик ечимлар насос станцияларида энергиядан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, электр энергияси сарфини мақбуллаштириш ва эксплуатация харажатларини оптималлаштириш имконини беради.
Энг муҳими, сув таъминоти тизимида бундай замонавий технологияларнинг жорий этилиши нафақат тармоқнинг техник имкониятларини кенгайтириш, балки ресурслардан оқилона фойдаланиш, инфратузилманинг барқарор ишлашини таъминлаш ва соҳанинг иқтисодий самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА