“Ўзмиллийбанк”: мурожаатлар доимий эътиборда
Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, давлат идоралари ва ташкилотларини халқимиз билан ҳамнафас бўлиши, аҳоли мурожаатларини ижобий ҳал этиш, одамларнинг бугунидан розилигини таъминлашдек хайрли ишларда “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти ҳам фаол иштирок этмоқда.
“Ўзмиллийбанк” раҳбарияти ташаббуси билан ҳудудлардаги филиалларда ташкил этилаётган сайёр қабуллар ҳамда тадбиркорлик субъектлари билан мулоқотларда мижозлар томонидан йўлланаётган мурожаатлар, таклиф-ташаббуслар, долзарб масалалар ижобий ҳал этиб келинмоқда.
Наманган шаҳрининг Давлатобод туманида бўлиб ўтган “Ўзмиллийбанк” АЖ Наманган вилояти бош бошқармасининг навбатдаги сайёр қабулида тадбиркорлар ва фермерлар, бошқа банк мижозлари, маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият юритувчи банкирлар ҳамда уларнинг ёрдамчи агентлари иштирок этдилар.

“Ўзмиллийбанк” АЖ Наманган вилояти бош бошқармаси бошлиғи Аҳаджон Мирзаев сўнгги йилларда юртимизда “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” тамойили асосида олиб борилаётган ислоҳотлар банк-молия тизимида ҳам ўз самарасини бераётганлигини таъкидлади. Қабулда банк томонидан кўрсатилаётган қулай ва жозибадор хизмат турлари, имтиёзли кредит турлари ҳамда уларнинг аҳамияти ҳақида тўлақонли маълумотлар бериб ўтилди.

Сайёр қабул давомида мижозлар “Ўзмиллийбанк” томонидан кўрсатилаётган хизмат сифати ҳамда ходимларнинг муомала маданиятидан мамнун эканликларини билдирди. Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг тегишли фармон ва қарорлари билан тасдиқланган оилавий тадбиркорлик, текстиль, паррандачилик, фармацевтика каби йўналишларда тақдим қилинаётган молиявий кўмаклардан Наманган вилоятидаги ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда маҳаллаларда аҳоли вакиллари унумли фойдаланиб, нафақат бандлигини таъминлаш, балки мўмай даромад манбаига эга бўлмоқда.

Сайёр қабулда ўнга яқин мурожаатлар ҳам айнан имтиёзли кредитлар ажратиш, терминал олишда кўмаклашиш масалаларига қаратилди. Йўлланган мурожаатлар мулоқотнинг ўзидаёқ назоратга олиниб, ижобий ҳал этиш юзасидан тегишли мутасаддиларга топшириқлар юклатилди.

– Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида неврология йўналишида янги хусусий клиника фаолиятини йўлга қўйдик. 10 миллиард сўмни ташкил этувчи лойиҳамиз доирасида беморларни даволаш учун замонавий шарт-шароитларни ҳозирладик. Айни вақтда 10 нафар малакали ходимимиз бор, – дейди Давлатобод туманидаги "Mediculs Mediline" масъулияти чекланган жамияти раҳбари, Андижон давлат тиббиёт институтининг магистратура иккинчи босқич талабаси Дилбар Қаҳҳорова. – Тиббий диагностика марказимизни ривожлантириш мақсадида замонавий ускуналар сотиб олиш учун 1 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилишида амалий ёрдам сўраб, мурожаат қилдик. Банк билан доимий ҳамкор бўлганимиз сабабли масаламиз тез орада ечилиши айтиб ўтилди.

“Ўзмиллийбанк” АЖ Наманган вилояти бош бошқармаси ижро интизоми назорати бўлими бошлиғи Улуғбек Тоштановнинг маълум қилишича, 2026 йилнинг январь-июнь ойлари давомида фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларидан жами 99 мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан ўтган даврда 44 таси кредитга оид, 27 таси шартномаларга доир масалалар ижобий ҳал этилган.
Эътиборлиси шундаки, “Ўзмиллийбанк” амалий кўмагида наманганлик кичик бизнес эгаларининг истиқболли лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 180,7 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бу ўз навбатида вилоятда саноат ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотамжон Мамадалиев (сурат), ЎзА.