“Ўзмиллийбанк” АЖ: хизматлар тармоғини ривожлантиришга масъул
Хизматлар соҳаси жаҳон иқтисодиётининг ажралмас қисми ва иқтисодий ўсишнинг асосий манбаига айланиб улгурди. Мамлакатимизда ҳам ушбу соҳа ривожланиб, республикамиз тараққиётининг самарали ва барқарор ўсишини таъминлашга муҳим ҳисса қўшмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 2025 йил 7 февраль куни ҳудудларда хизматлар кўрсатиш соҳасини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда берилган вазифалар бўйича ўқув-амалий семинари ўз ишини бошлади. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари, Тошкент шаҳар ва вилоят ҳокимларининг ўринбосарлари, Марказий банк ҳудудий Бош бошқармаси бошлиқлари, Ўзмиллийбанк ҳудудий Бош бошқарма бошлиқлари ҳамда ҳудудий банк хизматлари марказлари бошқарувчилари, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ҳудудий бош бошқармаларининг хизматлар соҳасини ривожлантириш шўъбаси ходимлари иштирок этди.
Семинарнинг илк спикери бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Равшан Ғуломов 2025 йилда хизматлар соҳасида яратиладиган иш ўринлари, хизматлар соҳасини ривожлантириш имкониятлари борасида сўз юритиб, бу борада айрим ҳудудлардаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш борасида тўхталиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Темур Ишметов айни соҳани ривожлантиришда тижорат банкларининг ўрни ва аҳамияти, сервис тармоғини ҳудудларда оммалаштиришда имтиёзли кредитлар ажратиш тартиби бўйича таклифларини билдирди.
Таъкидлаш жоиз, энг асосий вазифа хизматлар соҳасида жами 3 миллион, шундан Тошкент шаҳрида 1,5 миллион аҳолини бандлигини таъминлаш ва даромадли қилиш кўзда тутилган.
Жорий йилнинг 27 февраль куни Давлатимиз раҳбари томонидан “Хизматлар соҳаси барқарор ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилиниб, унга кўра мутасадди вазирлик ва идоралар, тижорат банклари билан бир қаторда Ўзмиллийбанкка ҳам бир қатор вазифалар юклатилди. Қолаверса, сервис тармоғини ривожлантириш ва қўллаб- қувватлашга масъул ташкилот сифатида мазкур банк бириктирилган.
Семинарда “Ўзмиллийбанк” АЖ раиси Алишер Мирсоатов хизматлар соҳасини ривожлантиришда тижорат банкларининг ўрни, халқаро молия институтлари кредит линияларини жалб қилиш ва лойиҳаларни молиялаштириш механизмлари тўғрисида сўз юритди.
[gallery-22082]
Шу ўринда рақамларга мурожаат этсак. Президентимизнинг юқорида қайд этилган топшириқларга асосан, барчатижорат банклари томонидан ҳудудлар кесимида 2025 йилда хизматлар соҳасида жами 67,5 триллионсўм кредит маблағларини ажратиш бўйича режалар ишлаб чиқилди. Сарфланган маблағлар эвазига 52,2 мингта хизмат кўрсатиш объектлари ишга тушиши кўзда тутилган. Шунингдек, ҳудудларда 2025 йилда 42 377 та ер майдонларини аукцион савдоларига чиқариш белгиланган. Бундан ташқари, 9 та давлат банклари томонидан девелоперлар орқали тадбиркорлик субъектларига нотурар жойларни лизингга бериш учун 4,5 триллион сўм, шундан Миллийбанк томонидан 500 миллиард сўм маблағ ажратилади. Лойиҳаларни молиялаштириш учун эса тижорат банклари томонидан 6 миллиард доллар, шундан
1,2 миллиард доллар миқдоридаги маблағ Ўзмиллийбанк томонидан хориждан жалб қилиниши кўзда тутилган.
Семинарда хизматлар йўналишининг барча тармоқлари: туризм, савдо, тиббиёт, таълим, логистика, молиявий хизматлар кўрсатиш ва бошқалар тўғрисида мутасаддиларнинг аниқ таклифлари берилди.
Семинарда иштирок этган йирик тадбиркорлар томонидан мазкур йўналишни ривожлантиришнинг концепциялари бўйича тақдимотлар ўтказилди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ўқув семинари 6 мартга қадар давом этади.
ЎзА