O'zLiDeP: ҳисоботлар тингланди ва муҳокама этилди
O'zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани депутатлик гуруҳининг навбатдаги эшитуви бўлиб ўтди.
Мажлис давомида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Беруний тумани бўлими бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи Жўрабек Кўзибаевнинг 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботи тингланди.

Унда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, маънавий-маърифий тадбирларни изчил ўтказиш, шунингдек, “Долзарб 90 кун" дастури доирасида уларни спорт ва маданият соҳаларига кенг жалб қилиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Депутатлик гуруҳи аъзолари ҳисоботни чуқур муҳокама қилиб, ёшлар билан ишлаш самарадорлигини янада ошириш, уюшмаган ёшларни тўлиқ қамраб олиш, уларнинг долзарб муаммоларини манзилли ҳал этиш, шунингдек, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик, турли салбий иллатларнинг олдини олиш борасидаги амалий таклиф ва тавсияларини илгари сурдилар.
Йиғилиш якунида депутатлар томонидан билдирилган таклифларни ҳисобга олган ҳолда, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлимининг 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги фаолияти юзасидан депутатлик гуруҳи томонидан жойларга чиққан ҳолда назорат-таҳлил ишларини давом эттириш белгиланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири