Озиқ – овқат таъминотида узилиш бўлмайди
Вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов бошчилигида Ҳазорасп туманида ўтказилган семинарда шу ҳақида сўз борди.
Хоразм вилоятининг барча ҳудудларида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш, 2020 йил октябр ойидан 2021 йил май ойига қадар аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда бу борада етарлича маҳсулот захираларини ташкил этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов бошчилигида Ҳазорасп туманида ўтказилган семинарда шу ҳақида сўз борди.
Чорвачилик тармоғини жадал ривожлантириш халқимизни арзон ва сифатли гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, айниқса, қишлоқ жойларида истиқомат қилаётган фуқароларнинг бандлигини ошириш ва даромадларини кўпайтиришда муҳим ўрин тутади. Вилоятнинг туман шаҳар ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари ва тегишли идора-ташкилот раҳбарларидан иборат семинар иштирокчилари жорий йил август ойида ташкил этилган “Ҳазорасп деҳқон бозори” МЧЖ га қарашли чорва мажмуаси билан танишдилар.

− Мазкур мажмуа бир ярим гектар майдонда жойлашган, − дейди “Ҳазорасп деҳқон бозори” МЧЖ раҳбари Баҳром Абдуллаев. – Ҳозирда 100 та қорамол, 30 мингта товуқ боқиляпти. Тез кунда қорамолларимиз сони 200 тага етади. Шунингдек, мажмуамизда музлатгичли омборхона ҳам ишга тушади. Мазкур лойиҳадан кўзланган асосий мақсад бозорда гўшт ва парранда маҳсулотларининг нархини арзонлаштириш, Афғонистон, Туркманистон каби қўшни мамлакатларга маҳсулот экспорт қилишдан иборат.
Озиқ-овқат маҳсулотларининг арзон ва етарлилиги халқ розилигининг асосий омилларидан биридир. Коронавирус пандемиясининг нарх-навога таъсири инобатга олиниб, асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари импорти божхона тўловларидан озод қилинганлиги, лекин шунга қарамай, охирги вақтларда гўшт, тухум, ўсимлик ёғи ва шакар маҳсулотларининг нархи кескин ошгани, ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш ҳам муҳимдир. Вилоят ҳокими семинар иштирокчиларига “Турон” МЧЖга қарашли корхонада ташкиллаштирилган ишларни намуна қилиб кўрсатди. Жойларда ана шундай озиқ-овқат захираларини ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.
Аҳолини асосий 9 турдаги маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлаш ва нархлар барқарорлигини сақлаш белгилаб олинган вазифаларни изчил амалга ошириш аҳолининг осуда, тўкин турмуш кечиришига хизмат қилади. Белгиланган чора-тадбирлар режасига кўра, туманда жами 5 минг 93 тонна маҳсулот, жумладан 2 минг 67 тонна картошка, 1 минг 42 тонна пиёз, 940 тонна сабзи, 1 минг 43 тонна гуруч жамғариш белгилаб олинган. Бугунги кунда, ушбу жамғариладиган маҳсулотларни сақлаш учун 7 та 2700 тонна маҳсулотларни сақлаш қувватига эга замонавий музлаткичли ҳамда 3 та 2600 тонна маҳсулотларни сақлаш омборхоналари фаолият кўрсатмоқда.
