Пойтахтимиздаги “Юнусобод” спорт мажмуасида самбо бўйича давом этаётган Осиё-Океания чемпионатининг ортда қолган тўртинчи кунги баҳслари самбо мухлисларига бир олам завқ бағишлади.
2005-2007 йилларда туғилган ёшлар ўртасидаги самбо ва жанговар самбо беллашувларида 20 га яқин мамлакатнинг маҳоратли ёш спортчилари 28 та вазн тоифасидаги беллашувларда ғолиблик учун кураш олиб борди.
Шиддатли кечган курашлар сарҳисобига кўра, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзолари 18 та олтин, 5 та кумуш ва 5 та бронза медалларини қўлга киритди. Ушбу натижа ҳамюртларимизни умумжамоада етакчига айлантирган бўлса, кейинги поғоналарни Қозоғистон, Туркманистон, Янги Зеландия, Ҳиндистон каби мамлакат вакиллари эгаллашди.
Мусобақаларнинг адолатли ва шаффоф ўтишида 20 нафар мутахассислар гуруҳи иш олиб борди.
Катталар, ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги чемпионатнинг тўрт кунлик натижалари ҳолатида Ўзбекистон самбочилари умумий ҳисобда 50 та олтин, 13 та кумуш, 19 та бронза медали билан 20 та давлат орасида 1-ўринда бормоқда. 2-ўринни банд этган Қозоғистон вакиллари 19 та олтин, 24 та кумуш, 33 та бронза медалига эгалик қилмоқда. 3-ўринга якун ясаган Қирғиз Республикаси самбочилари 3 та олтин, 19 та кумуш, 33 та бронза медалига сазовор бўлишган.
[gallery-22876]
Эслатиб ўтамиз, чемпионат 20 апрелга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА