Ўзбекистонлик олиманинг инновацион ишланмаси KIWIE-2026 халқаро танловида олтин медаль билан тақдирланди
Мамлакатимизда таълимга, хусусан аёллар таълимига бўлган эътибор том маънода янгича даража касб этди. Бунга шахсан давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари пойдевор вазифасини ўтамоқда.
Бунинг натижаси халқаро майдонда ҳам хотин-қизларимиз эришаётган ютуқларда яққол намоён бўлмоқда.
Ана шундай юксак натижаларнинг мантиқий давоми ўлароқ, Наманган давлат техника университети профессори Озода Абдуллаева Жанубий Корея Республикасининг Сеул шаҳрида бўлиб ўтган “Корея халқаро ихтирочи аёллар кўргазмаси” — KIWIE-2026 халқаро танловида муваффақиятли иштирок этди.
Танловнинг расмий натижаларига кўра, профессор Озода Абдуллаева томонидан тақдим этилган “Моточогнитион” инновацион ишланмаси олтин медаль билан тақдирланди.
Мазкур ютуқ олиманинг илмий-ижодий ва инновацион фаолиятидаги муҳим натижа бўлиши билан бирга, Ўзбекистон, хусусан, Наманган вилоятининг илмий-инновацион салоҳиятини халқаро майдонда муносиб намоён этувчи юксак эътирофдир.

Айниқса, мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида бундай нуфузли халқаро ютуқнинг қўлга киритилиши юртимизда илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш, хусусан, хотин-қизларнинг илмий ва инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижасидир.
Қайд этиш керакки, KIWIE дунёнинг турли мамлакатларидан хотин-қиз ихтирочи ва инноваторларни бирлаштирувчи нуфузли халқаро танловлардан бири бўлиб, унда замонавий илмий-техник ишланмалар ва инновацион ғоялар халқаро экспертлар томонидан баҳоланади.
Бундай ютуқлар ёшларнинг илм-фан ва инновацияларга қизиқишини ошириш, уларни янги ғоялар ва истиқболли лойиҳалар устида изланишга ундаш ҳамда халқаро майдонда муносиб натижаларга эришишга руҳлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Олиманинг келгусидаги илмий изланишлари ва инновацион лойиҳалари мамлакатимиз илм-фани тараққиёти ҳамда юртимизнинг халқаро илмий-инновацион нуфузини янада юксалтиришга муносиб ҳисса қўшишига тилакдошмиз.
Шербек Исломов, ЎзА