Ўзбекистонлик мутахассислар рақамли криминалистика технологиялари бўйича Хитойда малака оширди
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги делегацияси Хитой Халқ Республикасининг Далян шаҳридаги Полиция институтида ташкил этилган «Рақамли криминалистика технологиялари» мавзусидаги семинарда иштирок этди.
Тадбир доирасида рақамли далилларни тўплаш ва сақлашнинг норматив-ҳуқуқий асослари, файл тизимлари, шикастланган, ўчирилган ва шифрланган маълумотларни қайта тиклаш, компьютер хотираси тасвирларини таҳлил қилиш, шунингдек, Хитойда ишлаб чиқилган махсус аппарат-дастурий воситалар имкониятлари ўрганилди.
Мобил криминалистика йўналишида смартфонлар, планшетлар ва бошқа электрон қурилмалардан маълумотларни ажратиб олиш, шифрланган мессенжерлар ҳамда булутли сақлаш хизматларини таҳлил қилишнинг замонавий усуллари кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, семинарда аудиоёзувларни шовқинлардан тозалаш, овоз бўйича шахсни идентификация қилиш, ёзувларнинг ҳақиқийлигини аниқлаш, deepfake-аудио ва монтаж изларини фош этиш, шунингдек, фото ва видеотасвирларни идентификация ва верификация қилиш усуллари ўрганилди.

Мазкур семинар мутахассисларнинг рақамли криминалистика, суд-экспертиза ва жамоат хавфсизлиги соҳасидаги касбий билим ва амалий кўникмаларини янада оширишга хизмат қилди.
Н.Абдураимова, ЎзА