Ўзбекистонда халқаро тан олинган аккредитация хизматлари 14 тага етиши мумкин
Миллий матбуот марказида Бутунжаҳон аккредитация куни муносабати билан «Ўзбекистон аккредитация маркази» давлат муассасаси томонидан матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда «Ўзбекистон аккредитация маркази» давлат муассасаси директорининг биринчи ўринбосари Нодирбек Очилов, сифат бўйича бош менежер Ботир Ғафуров, соҳа мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Жорий йилда Бутунжаҳон аккредитация куни «Инновациялар, ишонч ва барқарорлик: аккредитациянинг қудрати» шиори остида нишонланмоқда. Ушбу мавзу аккредитация ва мувофиқликни баҳолаш тизимларининг инновацияларни қўллаб-қувватлаш, истеъмолчилар ишончини мустаҳкамлаш ҳамда барқарор ривожланишни таъминлашдаги муҳим аҳамиятини намоён этмоқда.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, бугунги кунда аккредитация тизими маҳсулот ва хизматларнинг хавфсизлиги, сифати ҳамда халқаро талабларга мувофиқлигини тасдиқловчи муҳим механизм ҳисобланади. Шунингдек, у тадбиркорлик субъектларининг ташқи бозорларга чиқиши, рақобатбардошлигини ошириши ва истеъмолчилар ишончини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.
Марказ томонидан соҳани рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
ISO/IEC 17011 халқаро стандарти талабларига қатъий риоя қилиш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва халқаро тан олиш келишувларида фаол иштирок этиш орқали миллий аккредитация тизимига бўлган ишонч мустаҳкамланмоқда.
Тадбирда маълум қилинганидек, 2026 йил май ойида «Ўзбекистон аккредитация маркази»да Осиё — Тинч океани минтақаси аккредитация ҳамкорлигининг Кўп томонлама тан олиш келишуви (APAC MRA) доирасида паритет баҳолаш жараёнлари ўтказилди. Унда 12 давлатдан ташриф буюрган халқаро экспертлар Марказ фаолиятини ISO/IEC 17011 халқаро стандарти талаблари асосида баҳолади.
Бугунги кунда «Ўзбекистон аккредитация маркази» давлат муассасаси томонидан 10 та йўналиш бўйича аккредитация хизматлари халқаро эътирофга эга. Навбатдаги баҳолаш жараёнида яна тўртта муҳим йўналиш — инспекция органлари (ISO/IEC 17020), тиббиёт лабораториялари (ISO 15189), стандарт намуналар ишлаб чиқарувчилари (ISO 17034) ҳамда малака синовлари дастурлари провайдерлари (ISO/IEC 17043) бўйича хизматлар халқаро экспертлар томонидан баҳоланди.
— Айни пайтда Марказнинг 10 та йўналишдаги аккредитация хизматлари халқаро миқёсда тан олинган. Навбатдаги баҳолаш натижалари ижобий бўлган тақдирда, бу кўрсаткич 14 тага етиши кутилмоқда, — деди «Ўзбекистон аккредитация маркази» давлат муассасаси директорининг биринчи ўринбосари Нодирбек Очилов.
Унинг таъкидлашича, мазкур йўналишларнинг халқаро эътирофга эга бўлиши мамлакатимизда инспекция, тиббиёт ва метрология соҳалари ривожига, шунингдек экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, Глобал сифат инфратузилмаси индекси (GQII)нинг 2025 йил натижаларига кўра, Ўзбекистон 185 давлат орасида 52-ўринни эгаллаб, аввалги рейтингга нисбатан 15 поғона юқорилагани қайд этилди. «Аккредитация» йўналиши бўйича эса мамлакатимиз 29-ўринни қайд этган.
Бугунги кунда миллий аккредитация тизими доирасида 450 та мувофиқликни баҳолаш органи аккредитациядан ўтган. Улар орасида 281 та синов лабораторияси, 24 та калибрлаш лабораторияси, 94 та сертификатлаштириш органи, 31 та менежмент тизимларини сертификатлаштириш органи, 9 та инспекция органи, 3 та тиббиёт лабораторияси, 2 та стандарт намуна ишлаб чиқарувчи ва 5 та малака синовлари провайдери фаолият юритмоқда.
Матбуот анжуманида қайд этилишича, аккредитация тизимининг халқаро тан олиниш доираси кенгайиши экспорт қилувчи корхоналар учун янги имкониятлар яратиб, ташқи савдодаги техник тўсиқларни камайтириш ва миллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА