Ўзбекистонда саноат чиқиндиларини бошқариш бўйича юқори технологияли кластер ташкил этилади
“Vision Invest” — давлат-хусусий шериклик асосида лойиҳаларни амалга оширувчи Саудиянинг етакчи инвестиция ва инфратузилма компанияси ҳисобланади. “SUEZ” эса сув таъминоти, оқова сувларни тозалаш ва чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасида жаҳон етакчиси бўлиб, 160 йилдан ортиқ халқаро тажрибага эга.
Ушбу компаниялар давлат органлари ва халқаро ҳамкорлар билан стратегик ҳамкорлик орқали минтақада янги авлод инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда барқарор ва экологик йўналтирилган иқтисодиётга ўтишни қўллаб-қувватламоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов бошчилигида “Vision Invest” ва “SUEZ International” масъуллари билан саноат чиқиндиларини бошқариш бўйича юқори технологияли кластер яратиш лойиҳасини амалга оширишга бағишланган ишчи учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида мазкур қўшма лойиҳа давлат раҳбарига тақдим этилгани, у томонидан ижобий баҳоланиб, қўллаб-қувватловга эга бўлгани таъкидланди. Қайд этилишича, ушбу баҳо тайёргарлик босқичларини жадаллаштириш ва ташаббусни амалга оширишга ўтиш учун қўшимча туртки беради.
Музокаралар давомида лойиҳани амалга оширишнинг асосий босқичлари муҳокама қилинди. Жумладан, дастлабки техник-иқтисодий асослаш ишларини якунлаш, чиқиндиларни ресурсга айлантиришга қаратилган технологик ечимларни танлаш, шунингдек, саноат чиқиндиларини бошқариш бўйича юқори технологияли кластер қурилиши учун майдон тайёрлаш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, техник мутахассисларни жалб қилиш ва амалий ишларга тезкор ўтиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунларига кўра, 2026 йил 2-4 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган “Eco Expo Central Asia 2026” халқаро кўргазмаси доирасида инвестиция келишувини имзолаш бўйича келишувга эришилди. Шу билан бирга, лойиҳанинг қурилиш босқичига ўтиш ва жорий йил июнь ойидан қурилиш ишларини бошлаш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳомийлигида амалга ошириладиган мазкур лойиҳа Ўзбекистонда саноат чиқиндиларини бошқаришнинг замонавий тизимини шакллантиришда муҳим қадам бўлиб, “Vision Invest”нинг инвестиция имкониятлари ҳамда “SUEZ”нинг технологик тажрибасини бирлаштиради.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА