Ўзбекистонда IT-visa олиш имкони кенгайтирилди
Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланган қоидага мувофиқ, Ўзбекистонда ахборот технологиялари соҳаси вакиллари учун бериладиган “IT-visa” қамрови кенгайтирилди. Энди мамлакатда айни йўналишда фаолият юритаётган мутахассислар қатори, соҳа ривожига ҳисса қўшаётган сармоядорлар, олимлар ҳам ушбу махсус виза турига даъвогарлик қила олади.
Янги тартиб билан “IT-visa” олиши мумкин бўлган тоифалар рўйхати кенгайтирилди. Эндисоҳага сармоя киритган ёки мазкур йўналишда фаолият юритаётган хорижлик инвесторлар ва мутахассислар ҳам ушбу визани олиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, IT-парк резиденти бўлган компания таъсисчилари, ижрочи директори ва унинг ўринбосарлари ҳам шундай имтиёздан фойдаланиши мумкин.
Бундан ташқари рақамли стартап дастурларида иштирок этаётган лойиҳа асосчилари ва мутахассислари ҳам “IT-visa” олиш имконига эга. Олий таълим муассасаларида ахборот технологиялари соҳаси бўйича дарс бераётган, PhD ёки DsC илмий даражасига эга хорижлик профессор-ўқитувчилар тегишли рўйхатга киритилган.
Ҳужжатда молиявий талаб ҳам аниқ белгилаб қўйилди. Хусусан, инвестор Ўзбекистондаги IT-компанияга камида 30 000 доллар миқдорида сармоя киритиши ёки корхона низом-жамғармасида шунча улушга эга бўлиши лозим. Шунингдек, технопарк резиденти ҳисобланган компания таъсисчилари учун ҳам улуш шундан кам бўлмаслиги талаб этилади.
Муҳим жиҳатлардан яна бири – IT-visa эгаси ва унинг яқин оила аъзолари – турмуш ўртоғи, ота-онаси ва фарзанди Ўзбекистонда давлат тиббий хизматидан мамлакат фуқароси каби имтиёзли тариф асосида фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.
Бундай ижобий ўзгаришлар мамлакатда ахборот технологиялари соҳасини янада ривожлантириш, юртимизга хорижий мутахассислар ва инвесторларни кўпроқ жалб этишга қаратилган.
Фардона Яхшибоева, ЎзА