Ўзбекистонда энг кўп пенсионерлар қайси ҳудудда яшайди? (+видео)
Жорий йилнинг 1-июль ҳолатига кўра, мамлакатда пенсионерлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,8 фоизга кўпайган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармасининг ҳисоботига кўра Ўзбекистонда энг кўп пенсионер Фарғона вилоятида яшайди ва у ерда ҳар саккизинчи киши пенсия олади.
2026-йилнинг 1-июль ҳолатига кўра, республика бўйича 4 миллион 361 минг 432 киши пенсия олади. Бошқача айтганда улар умумий аҳолининг тахминан 11 фоизини ташкил қилади, яъни ҳар 100 кишидан тахминан 11 нафари пенсия олади. Улар орасидан 3 миллион 617 минг 889 нафари ёшга доир (умумий пенсионерларнинг қарийб 83 фоизи), 482 минг 243 нафари ногиронлик (11 фоиз), 261 минг 300 нафари боқувчисини йўқотганлик (6 фоиз) нафақасини олади.
Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан пенсионерлар сони 158 минг 897 (+3,8 фоиз) нафарга кўпайган. Шундан, ёшга доир Нафақа 139 минг 940 (+4,0 фоиз) нафарга, боқувчисини йўқотганлик бўйича нафақа олувчи оилалар 12 минг 224 (+4,9 фоиз) ва ногиронлик нафақалари 6733 (+1,4 фоиз) нафарга ошган. Ўзбекистонда ўртача пенсия миқдори 1 миллион 688 минг сўм, энг ками эса 878 минг сўм.
Тўртта ҳудуд — Фарғона, Самарқанд, Андижон ва Қашқадарё — жами пенсионерларнинг 41 фоизини қамрайди. Энг кичик кўрсаткич Сирдарё вилоятида (111 минг 319) — Фарғонадан 4,6 баравар кам. 2026-йил 1-июль ҳолатига ҳудудлар бўйича нафақа олувчилар сонида энг юқори ногиронлик нафақасини олувчилар улуши Навоий вилоятида — 18,2 фоиз, Сирдарё вилоятида — 17,7 фоиз, Қорақалпоғистон Республикасида — 15,3 фоизни ташкил этмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/q254H3EtmEo" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Искандар Исматов, ЎзА