Ўзбекистонда “бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилади
БМТ Бош Ассамблеясининг қарорига мувофиқ 1997 йилдан буён бутун дунёда ҳар йили 16 ноябрь – “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида нишонланиб келинади.
Мамлакатимизда ҳам Президентимизнинг 2019 йил 15 ноябрдаги “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик кунига бағишланган “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилади.
Жорий йилнинг 9-16 ноябрь кунлари ўтказиладиган ҳафталик доирасида “Миллатлараро тотувлик ва дўстлик – тараққиёт омили” мавзусида турли миллат вакилларининг китоб кўргазмаси, дўстлик жамиятлари фаолиятига бағишланган фотокўргазма, шунингдек, халқаро онлайн конференция ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиши белгиланган.
Мазкур тадбирлар Ташқи ишлар, Адлия, Маданият, Халқ таълими вазирликлари, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида ташкил этилади.
Ушбу тадбирлар аҳоли, айниқса ёш авлодни республикамизда яшаб турган турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ривожлантиришга, мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга, жамиятда кўп миллатли катта оила туйғусини, миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА