Ўзбекистон яшил тараққиёт йўлига ўтар экан, қонунлар ҳам шунга мослашади
Сенатнинг учинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог” фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қонун юзасидан муносабат билдирган Сенат Раиси Танзила Норбоева дунёнинг кўплаб мамлакатлари қатори Ўзбекистон яшил тараққиёт йўлига ўтаётганини таъкидлади. Иқтисодиёт, ижтимоий муносабатлар, қонунлар ҳам шунга мослашмоқда. Бу табиий, албатта. Чунки иқлим ўзгаришлари, демографик жараёнлар, ресурслар тақчиллиги даврида бундан бошқа йўл йўқ. Бу йўлда кутилган натижаларга эришиш, жуда кўп жиҳатдан экологик маданият ва масъулиятга боғлиқ.
Юртимизда мазкур йўналишда жуда кўпчилик фаолият олиб бормоқда.

“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог” фахрий унвони – юртимиз табиатини асраш, ҳудудларимизни обод қилиш йўлида фаол ва жонкуярлик билан меҳнат қилаётган кўп сонли ҳамюртларимиз учун муносиб эътироф ва рағбат бўлади.
Мазкур масала юзасидан маъруза қилган Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Тўйчиев барқарор ривожланишнинг янги талабларидан келиб чиқиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш, қулай экологик муҳит яратиш бўйича янгича ёндашув асосида ислоҳотлар амалга оширилаётганини қайд этди.
Энг муҳими, сўнгги пайтларда экологик масалаларга бўлган муносабат тубдан ўзгариб, уни тартибга солувчи қонунчилик базаси такомиллаштирилмоқда.
Халқимизда янгича экологик тафаккур, экологик дунёқараш шаклланиб, аҳолининг экологик маданияти юксалмоқда. Ҳар бир инсонда атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳисси ортиб бормоқда.

Соҳани ривожлантиришнинг концепцияси ва унинг йўналишлари бўйича стратегиялар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Экологик барқарорликни таъминлашда давлат ва жамоат ташкилотлари, кенг жамоатчилик вакиллари биргаликда саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.
Соҳада бевосита ва билвосита фаолият олиб бораётганларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг меҳнатларини муносиб рағбатлантириш мақсадида таъсис этилаётган фахрий унвон экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини ривожлантириш, табиатни асраб-авайлаш, био хилма-хилликни сақлаш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш борасида салмоқли натижаларга эришган фуқароларга берилади.
Шунингдек, ушбу унвон билан экологик жиҳатдан тоза ва инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга жорий этиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида алоҳида ташаббус кўрсатган, аҳолининг экологик маданиятини ошириш, ёш авлодни табиатга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда тизимда юқори малакали кадрларни тайёрлаш борасида фидокорона меҳнат қилаётган мутахассис-ходимлар ва соҳа вакиллари, экофаоллар ҳам тақдирланади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА