Ўзбекистон–Япония: рақамли ҳамкорлик кенгаймоқда
Японияда Иқтисодиёт, савдо ва саноат вазири ўринбосари билан икки давлат ўртасида рақамли технологиялар ҳамда сунъий интеллект йўналишидаги ҳамкорликни кенгайтиришга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Япония бозори учун ахборот технологиялари ва сунъий интеллект муҳандисларини тайёрлаш, грант лойиҳаларини ривожлантириш ҳамда АТ хизматлар экспортини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, сўнгги бир йил давомида Япониянинг қарийб 30 та АТ компанияси "IT Park Uzbekistan" резидентига айланиб, мамлакатимизда ўз фаолиятини самарали йўлга қўймоқда.

Ҳамкорлик доирасида Япония бозори учун АТ мутахассислар тайёрлаш кенгайтирилади. “Uzbekistan Japan Digital Center”ни ташкил этиш муҳокама қилинди. Қорақалпоғистон Республикасида дата-марказлар салоҳияти тақдим этилди.

Мазкур ҳамкорлик Ўзбекистонни глобал АТ хизматлар экспорти марказларидан бирига айлантириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда икки давлат ўртасидаги рақамли иқтисодиёт соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА