Ўзбекистон вакили Парижда бўлиб ўтган SPIMUN 2026 халқаро конференциясида иштирок этди
Бугунги кунда юртимизда ёшларимиз учун яратиб берилаётган имкониятлар самарасини бермоқда. Улар турли танлов ва халқаро тадбирларда ўз иқтидори ва истеъдодини намоён этмоқда ва дунё халқларини ҳайратда қолдирмоқда.
Навоийлик ёшлардан бири, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси соҳиби, Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиали талабаси Билолиддин Омонуллаев ҳам ана шундай ёшлардан бири.

У 2026 йил 4-7 март кунлари Франциянинг Париж шаҳридаги Sciences Po университетида ўтказилган SPIMUN 2026 (Sciences Po International Model United Nations) халқаро конференциясида иштирок этди.
Мазкур нуфузли тадбирда дунёнинг турли мамлакатларидан 300 га яқин вакиллар қатнашди.

Билолиддин Омонуллаев БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши (ECOSOC) қўмитаси делегатлари таркибига киритилди ҳамда ижтимоий ҳимоя ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокамасида фаол иштирок этди.

Конференциянинг ёпилиш маросимида Билолиддин Омонуллаевнинг чиқиши иштирокчилар томонидан алоҳида эътибор билан қарши олинди. У халқаро аудитория олдида Ўзбекистоннинг бой маданий меросини тақдим этди ҳамда миллий мусиқий асарларни скрипкада ижро этди.

Чиқиш давомида Ўзбекистоннинг Буюк Ипак йўлининг муҳим марказларидан бири сифатидаги ўрни, шунингдек, мамлакатнинг замонавий халқаро ташаббуслари, жумладан, 2025 йилда Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ўтказилгани – сўнгги 40 йилдан ортиқ вақт ичида ташкилот бош қароргоҳидан ташқарида илк бор ташкил этилгани алоҳида таъкидланди.
Мазкур тақдимот Ўзбекистоннинг маданий мероси ва замонавий тараққиётига бўлган қизиқишни янада ошириб, иштирокчиларга миллий маданият ва анъаналар билан яқиндан танишиш имконини берди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири