Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Япония ички ишлар ва коммуникациялар вазири Ёшимаса Хаяши билан учрашди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ва уни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар рақамли технологиялар, телекоммуникация ва кадрлар салоҳиятини ошириш йўналишларида ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратди.
Хусусан, вазир Ш.Шерматов Ўзбекистонни япон компаниялари учун истиқболли аутсорсинг маркази сифатида илгари суриш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, жорий йилнинг май ойида Токио шаҳрида IT Park’нинг илк хорижий филиали очилгани бу йўналишдаги амалий қадамлардан бири экани қайд этилди. Мазкур филиал икки давлат ўртасидаги АТ соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, япон компанияларини Ўзбекистон бозорига жалб этиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Шу билан бирга, Халқаро электр алоқа иттифоқининг 2026 йилда бўлиб ўтадиган конференцияси доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунларига кўра, томонлар икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёр эканликларини билдирди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА