Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг таклифига биноан 29 январь куни расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.
Анқара шаҳридаги “Эсенбоға” халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва рафиқасини Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған ва рафиқаси кутиб олди.
Икки давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди.
Давлат раҳбарлари ва биринчи хонимлар қисқа учрашув ўтказдилар.
Суҳбатда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шундан сўнг Туркия Республикаси Президентининг Анқара шаҳридаги Оқсарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарини Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған кутиб олди.
Майдонда олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоған шоҳсупага кўтарилдилар. Ҳарбий оркестр ижросида икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради. Етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.
Анқара шаҳридаги Президент саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.
Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари бутун мусулмон уммати учун муқаддас Рамазон ойи кириб келаётгани билан бир-бирларини самимий табрикладилар.
Ўзбекистон – Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини, хусусан, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий ва гуманитар соҳаларда янада кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Барча даражалардаги юқори суръат ва фаол мулоқотлар мамнуният билан қайд этилди. Томонлар яқинда бўлиб ўтган стратегик режалаштириш гуруҳининг “4+4” форматидаги учрашувининг самарали натижаларини олқишладилар.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми, қўшма корхоналар, мамлакатлар ўртасидаги авиақатновларнинг сони изчил ўсиб бормоқда. Мунтазам равишда қўшма маданий тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Саноат, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий ҳимоя ва бошқа устувор йўналишларда лойиҳа ва дастурларни илгари суриш зарурлиги таъкидланди.
Мудофаа ва хавфсизлик соҳасида, кибержиноятчиликка қарши курашиш борасида ҳамкорлик ва ўзаро мувофиқлаштирувни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Етакчилар халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған раислигида олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Томонлар мазкур йиғилиш муборак Рамазон ойи ҳамда икки мамлакат ўртасида Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланганига 30 йил тўлиши арафасида ўтаётгани рамзий маънога эга эканини таъкидладилар.
Сиёсий мулоқот жадал ривожланаётгани, халқаро масалалар юзасидан томонларнинг позицияси ўхшаш экани мамнуният билан қайд этилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга келишиб олинди.
Парламентлараро алоқалар, жумладан, дўстлик гуруҳлари доирасида фаоллашди.
Ўзаро савдо ҳажми, шунингдек, Туркиянинг етакчи компаниялари билан қўшма корхона ва лойиҳаларнинг сони изчил равишда ўсиб бормоқда.
Келгуси йилларда товар айирбошлаш ҳажмини, жумладан, Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимдаги товарлар рўйхатини кенгайтириш орқали 5 миллиард долларга етказиш вазифаси белгилаб олинди.
Ташрифга тайёргарлик доирасида алоҳида дастур асосида амалга оширилиши назарда тутилган саноат кооперациясининг янги устувор йўналишлари ишлаб чиқилган.
Шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорликнинг улкан салоҳияти қайд этилди. Йил охирига қадар Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан делегациялар ҳамкор ҳудудлар билан лойиҳалар портфелини ишлаб чиқиш мақсадида Туркияга ташриф буюради.
Қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик, соғлиқни сақлаш ва тиббий туризм соҳаларида Туркиянинг илғор тажрибасини жорий этиш зарурлиги таъкидланди.
Туризм йўналишида алоқаларни ривожлантириш, театр фестиваллари ва маданият ҳафталикларини ўтказиш, тарихий фильмларни биргаликда ишлаб чиқариш, маданий мерос объектларини ҳамкорликда тиклашга алоҳида эътибор қаратилди.
Таълим соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида шу йил баҳорда Бухорода тўртинчи Ректорлар форумини ўтказишга келишиб олинди.
Шунингдек, Қўшма ҳукуматлараро комиссия ҳамраисларининг кўп қиррали ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари юзасидан ҳисоботлари тингланди.
Йиғилиш якунида икки давлат ҳукуматларига қабул қилинган қарорларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлаш топширилди.
Шавкат Мирзиёев Режеп Таййип Эрдоғанга Ўзбекистонга ташриф билан келишни таклиф қилди.
Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған Қўшма баёнот ҳамда Кенг қамровли стратегик шериклик доирасидаги ҳамкорлик механизмлари тўғрисидаги қарорни имзоладилар.
Бундан ташқари, кўп қиррали шерикликнинг турли йўналишларини қамраб олувчи икки томонлама ҳужжатлар тўплами имзоланди. Хусусан:
– соғлиқни сақлаш, таълим ва ҳарбий тиббиёт соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисида;
– иқтисодий ва молиявий ҳамкорлик тўғрисида;
– кончилик саноатида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида;
– халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида;
– махсус иқтисодий зоналар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида;
– ядро хавфсизлиги, жисман ҳимоя қилиш, кафолатлар ва радиацион ҳимоя соҳасидаги ҳамкорлик ва ахборот алмашинуви тўғрисида;
– миграцияга кўмаклашиш ва фуқароларни ўз мамлакатига қайтариш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида;
– Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ва Туркия Дин ишлари бошқармаси ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимлар;
– Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2026-2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;
– Ўзбекистон Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ва Туркия Олий таълим кенгаши ўртасида баённома;
– Маданият соҳасида 2026-2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик режаси.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған Анқара шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши якунлари юзасидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот бердилар.
Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида туркиялик ҳамкасбига кўрсатилган меҳмондўстлик ва кенгаш доирасидаги самарали музокаралар учун самимий миннатдорлик билдирди.
Бугунги кунда Туркия барча соҳаларда улкан ютуқларга эришаётгани ва нафақат мусулмон дунёсида, балки глобал миқёсда ҳам ҳақли равишда юксак ҳурмат-эътибор қозонгани алоҳида таъкидланди.
Кейинги йилларда Ўзбекистон – Туркия дўстлик ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани мамнуният билан қайд этилди.
Ўтган йили ўзаро савдо ҳажми 3 миллиард доллардан, қўшма корхоналарнинг сони эса 2,2 мингтадан ошди, ўзлаштирилган инвестицияларнинг умумий ҳажми қарийб 10 миллиард долларни ташкил этди.
Икки мамлакат ўртасида ҳафтасига 100 га яқин авиақатнов амалга оширилмоқда. Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида 9 миллиард долларлик лойиҳалар портфели шакллантирилган.
Кенгаш йиғилишларини мунтазам равишда ўтказиш, Ҳукуматлараро комиссия ва Стратегик режалаштириш гуруҳи механизмларидан самарали фойдаланиш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа нуфузли халқаро тузилмалар доирасидаги ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиёти давом эттирилади.
Етакчилар савдо ҳажмини, шу жумладан, Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида товарлар турини кенгайтириш, устувор иқтисодий тармоқларда саноат кооперациясини мустаҳкамлаш орқали 5 миллиард долларга етказишга келишиб олдилар.
Шунингдек, маданий ва гуманитар алмашинувларни янада кенгайтиришга, хусусан, биргаликда театр ва кино ҳафталиклари, бадиий кўргазмаларни ўтказиш ҳамда зиёрат туризмини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Кенгаш йиғилиши якунларидан келиб чиқиб, икки мамлакат ҳукуматлари томонидан эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича кенг қамровли “йўл харитаси” қабул қилиниши таъкидланди.
Анқара шаҳрига расмий ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған Ҳатай вилоятида мамлакатимиз томонидан барпо этилган “Ўзбекистон” турар жой мажмуасининг очилиш маросимида иштирок этдилар.
Тадбирда давлатимиз раҳбари уч йил олдин содир бўлган вайронкор зилзила қардош турк халқи учун оғир синов бўлганини таъкидлади. Ўзбекистон ушбу фожиали даврнинг дастлабки кунлариданоқ Туркияга ҳар томонлама ёрдам кўрсата бошлади.
Қисқа фурсатда 100 нафар ўзбекистонлик қутқарувчи ва 70 нафар тиббиёт ходими фалокат содир бўлган ҳудудга етиб борди. Қидирув-қутқарув ишлари натижасида 18 киши қутқарилди, 200 нафарга яқин жабрланганлар вайроналар остидан чиқарилди. Дала шифохонаси 4 минг нафар беморга тиббий ёрдам кўрсатди.
Президент Режеп Таййип Эрдоған ташаббуси билан зилзила оқибатларини бартараф этиш бўйича кенг кўламли дастурлар амалга оширилаётгани алоҳида қайд этилди. Бугунги кунга қадар мамлакатда 455 мингдан ортиқ уй-жой қурилди.
Ўзбекистон, ўз навбатида, қисқа муддатларда Ҳатай вилоятининг Арсуз туманида 300 дан зиёд тўлиқ жиҳозланган хонадон, жами 24 та кўп қаватли уйдан иборат барча зарур инфратузилмага эга замонавий турар жой мажмуасини барпо этди.
Туркия Президенти ушбу мажмуа нафақат жабрланган оилалар учун янги уй, балки ўзбек ва турк халқлари ўртасидаги абадий дўстликнинг ёрқин намунаси эканини таъкидлади.
Етакчилар лойиҳани амалга оширишда иштирок этган қурувчилар, муҳандислар, ишчилар ва барча ҳамкорларга самимий миннатдорлик билдирдилар.
Давлат раҳбарлари янги хонадонлар калитларини уларнинг эгаларига тантанали равишда топширдилар.
Шунингдек, Президентлар Истанбулнинг Бекиркёй туманида ўзбек мактаби қурилишини бошлаб бердилар. Мазкур даргоҳ Ўзбекистоннинг хориждаги биринчи таълим муассасаси бўлади.
Янги ўқув маскани Туркияда яшовчи ўзбек оилаларининг фарзандларига ўз она тилида таълим олиши билан бирга миллий қадриятлар, маданият ва анъаналарни сақлаб қолиш имконини беради.
Томонлар ушбу мактаб икки қардош халқ ўртасидаги ришталар янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилиши, ёш авлод учун муҳим таълим ва тарбия марказига айланишига ишонч билдирдилар.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикасига расмий ташрифи якунланди.
ЎзА