Ўзбекистон ва Россия: Бош прокуратуралар ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари серқирра ва динамик тавсифга эга
Ўзбекистонга Россия Федерацияси Бош прокурори Александр Гуцан бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Ташрифнинг дастлабки қисмида делегация Ғалаба боғида бўлди. А.Гуцан «Матонат мадҳияси» ёдгорлик мажмуасига гулчамбар қўйди.
Ташриф доирасида икки давлат назорат органлари раҳбарлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Ўзбекистон ва Россия Бош прокуратуралари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари серқирра ва динамик тавсифга эга эканини қайд этди.
Учрашув давомида Россия делегацияси вакилларига Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида, хусусан, суд-ҳуқуқ соҳаси, шунингдек, прокуратура органлари фаолиятини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.

Дўстона ва конструктив мулоқот доирасида томонлар ҳамкорликнинг жорий ҳолатини муҳокама қилди. Идоралараро алоқаларни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Хусусан, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, шу жумладан, кибержиноятлар ва бошқа уюшган жиноят турларига қарши курашиш, прокуратура фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш соҳаларида тажриба алмашиш, шунингдек, прокуратура органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш йўналишларида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари бўйича келишувга эришилди.

Учрашув якунида икки давлат Бош прокурорлари ўртасида Ҳамкорлик дастури имзоланди.
Н.Йўлдошев А.Гуцанга ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссаси учун миннатдорлик билдириб, унга «Ўзбекистон Республикаси прокуратурасининг Фахрий ходими» кўкрак нишонини топширди.
Делегация аъзолари Ўзбекистон прокуратураси тарихи музейига ташриф буюриб, идоранинг кўп йиллик тарихи, тажрибаси ва фаолияти билан яқиндан танишди.
Бундан ташқари, делегация Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясига ташриф буюриб, унинг фаолияти, шунингдек, ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимида амалга оширилган ислоҳотлар билан танишди.
Н.Абдураимова,
ЎзА