Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабатлари иқтисодий ҳамкорлик ҳамда маьнавий муштараклик йўлидан бормоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев 11 апрель куни амалий ташриф билан мамлакатимизда бўлди.
Олий мартабали меҳмонни Бухоро халқаро аэропортида давлатимиз раҳбари кутиб олди.
Миллий куй-қўшиқ ва рақслардан иборат тантанали кутиб олиш маросими бўлди. Икки мамлакатнинг давлат байроқлари кўтарилди ва фахрий қоровул саф тортди.

Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида қўшни давлатлар, хусусан, Қозоғистон билан муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Икки қардош мамлакат ўртасидаги алоқалар нафақат стратегик шериклик, балки чин маънодаги иттифоқчилик тамойиллари асосида мустаҳкамланмоқда. Бу эса минтақада барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашнинг энг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик руҳидаги ушбу яқинлик халқларимизнинг тарихий ва маънавий илдизлари муштараклигига асосланади. Давлатларимиз раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли чегаралар дўстлик ва ҳамкорлик кўпригига айланди. Иқтисодий ва маданий алоқалар изчиллик касб этди.
Мазкур амалий ташриф ҳам икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик кун тартибини янада кенгайтириш ва келажакдаги устувор йўналишларни белгилаб олиш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Ўзбекистон ва Қозоғистон нафақат иқтисодий шериклар, балки умумий тақдири ва келажаги бир бўлган, минтақавий яхлитликни таъминловчи қудратли куч сифатида намоён бўлмоқда.
Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан биргаликда Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди.

Қадимий Бухородан 12 километр узоқликда жойлашган мажмуа минтақадаги энг муҳим зиёратгоҳлардан бири ҳисобланади. Бу ерда XIV асрнинг йирик уламоси – нақшбандия тариқатининг асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд дафн этилган.
Ўзбек ва қозоқ халқларининг дини, маънавий қадриятлари бир. Юртимизда яшаган авлиё ва алломалар Қозоғистонда ҳам эъзозланади. Буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ана шундай сиймолардан биридир.
Ансамбль асрлар давомида шаклланган бўлиб, бугунги кунда унинг таркибида мақбара, Абдулазизхон томонидан зиёратчилар учун қурилган хонақоҳ, иккита масжид, шайбонийлар, аштархонийлар ва манғитлар сулолалари амирлари дафн этилган дахма, шунингдек, сўфийлик тарихига бағишланган музей ўрин олган.
Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан мажмуа янада обод қилиниб, тарихий қиёфаси тикланди. Аввало, Тоқи миёна дарвозасидан борувчи тарихий йўлак қайта таъмирланди. Тоқи миёна дарвозасининг икки ёни боққа айлантирилган. Музей ва таҳоратхона барпо этилган. Манғитлар сулоласига мансуб бўлган Бухоро оталиғи Дониёлбий қурдирган мадраса таъмирланмоқда.
Ташриф давомида Қуръон оятлари тиловат қилиниб, қардош халқларимизга тинчлик ва фаровонлик тилаб, дуо ўқилди.
Бухоро шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг учрашуви бўлиб ўтди.
Ўзбекистон – Қозоғистон дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Музокаралар аввалида давлатимиз раҳбари Қозоғистон Президентини янги Конституция бўйича референдум муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.
Ҳудудларда мунтазам равишда норасмий учрашувлар ўтказиш яхши анъанага айланиб, икки томонлама ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалаларни очиқ ва конструктив муҳокама қилишга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Ўтган йил ноябрь ойида Қозоғистон Президентининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида эришилган келишувларнинг амалий натижалари мамнуният билан қайд этилди.
Барча даражалардаги алоқалар, жумладан, ҳукуматлараро ва парламентлараро ҳамкорлик фаоллашди.
Товар айирбошлаш барқарор ўсиб, ўтган йили 5 миллиард долларга етди. Автомобилсозлик, инфратузилмани ривожлантириш, логистика, электротехника, қурилиш материаллари ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Кимё, геология, энергетика, автомобиллар учун бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш ва бошқа соҳалардаги бир қатор янги ташаббуслар кўриб чиқилди.
Транспорт ва логистика соҳасида ўзаро боғлиқликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Чегараолди инфратузилмани модернизация қилиш, тўсиқларни бартараф этиш ва ташқи бозорларга чиқишни таъминлайдиган самарали транспорт йўлакларини яратиш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, томонлар “Қамбарота” гидроэлектр станцияси қурилиши каби йирик минтақавий лойиҳаларни жадаллаштириш ва “яшил” энергия экспорти бўйича ташаббусларни илгари суриш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.
Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва минтақавий экологик ташаббусларни илгари суриш, шу жумладан, чегарадош ҳудудларда “Тоза ҳаво” лойиҳаларини амалга ошириш бўйича биргаликда ишлаш муҳимлиги қайд этилди.
Етакчилар инновацион ва юқори технологик соҳаларда, жумладан, космик технологиялар, рақамлаштириш, электрон тижорат ва стартапларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга интилиш қатъийлигини билдирдилар.
Маданий-гуманитар алмашинувларни фаоллаштириш, жумладан, маданият кунлари, ёшлар форумларини ўтказиш, креатив иқтисодиёт ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олинди.
Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Учрашув давомида бош вазирлар ўринбосарларининг савдо-иқтисодий кун тартибининг долзарб жиҳатлари, жумладан, яқин истиқболда ўзаро савдони 10 миллиард долларга етказиш борасида кўрилаётган чоралар бўйича ҳисоботлари тингланди.
Музокара якунида ҳукуматларга эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилиш топширилди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Бухоро вилояти ҳокимлиги ситуацион маркази фаолияти билан танишдилар.
Мамлакатимизда жойлардаги ижро этувчи ҳокимият органлари ишини уларни ягона манзилда жамлаган ҳолда ташкил этишга қаратилган маҳаллий давлат бошқарувининг янги модели изчил жорий этилмоқда. Бундай ёндашув идоралар фаолиятининг ўзаро мувофиқлашувини ошириш, қарорлар қабул қилишни тезлаштириш ва аҳолини ўйлантираётган муаммоларни янада самаралироқ ҳал қилишга хизмат қилади.
Вилоят бошқарувининг интеллектуал ўзагига айланган замонавий ситуацион марказ Бухоронинг янги маъмурий марказида ташкил этилди. Бу ерда дастлабки босқичда вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, вилоят прокуратураси, ички ишлар бошқармаси ҳамда бошқа тузилмалар жойлашган.
Марказда ижтимоий-иқтисодий ривожланишдан тортиб, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, коммунал ва транспорт инфратузилмаси, жамоат хавфсизлиги ҳолати, фуқаролар мурожаатлари билан ишлашгача, умуман, вилоят ҳаётининг барча жабҳалари бўйича маълумотлар реал вақт режимида шаклланади, қайта ишланади ва тизимли равишда таҳлил қилинади.
Олий мартабали меҳмонга марказнинг ҳудудлар кесимида вазиятни комплекс мониторинг қилиш, муаммоли нуқталарни барвақт аниқлаш, жойлардаги иш самарадорлигини холис баҳолаш ва белгиланган вазифаларнинг бажарилишини қатъий назорат қилиш бўйича имкониятлари аниқ мисоллар асосида кўрсатиб берилди.
Шундан сўнг етакчилар ҳокимлик ходимлари учун яратилган шароитларни кўздан кечирдилар. Янги бино замонавий иш жойлари, мажлислар заллари, рақамли инфратузилма билан жиҳозланиб, давлат идораларининг самарали ва уйғун бўлиб ишлаши учун барча зарур қулайликлар таъминланган.
Ташриф давомида Қозоғистон Президентига ноёб архив материалларининг нусхалари ҳам кўрсатилди. Бу Ўзбекистонда аниқланган, Туркистонда жойлашган Хожа Аҳмад Яссавий ва Мирзо Улуғбекнинг қизи Робия Султонбегим мақбараларига алоқадор 1920-1950 йилларга оид қимматли ҳужжатлар, чизмалар ва фотоматериаллардир.

Қардош қозоқ халқига ва икки мамлакатнинг умумий тарихига ҳурмат белгиси сифатида ушбу архив ҳужжатларининг нусхалари Қозоғистон томонига ҳадя қилинди.
Ҳозирги кунга қадар аксарияти илмий муомалага киритилмаган бу материаллар катта тарихий ва илмий аҳамиятга эга экани қайд этилди. Ноёб меъморчилик ёдгорликлари бўлган Аҳмад Яссавий ва Робия Султонбегим мақбаралари Марказий Осиё халқларининг умумий тарихий-маданий меросида алоҳида ўрин тутиши таъкидланди.
Сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Бухоро шаҳрининг универсал спорт мажмуасида ўтказилаётган “National AI Hackathon” – сунъий интеллект бўйича умуммиллий хакатонга ташриф буюрдилар.

Ушбу тадбир давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистонда сунъий интеллект экотизимини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган изчил сиёсат доирасида ташкил этилди.
Етакчиларга рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш борасидаги ишлар натижалари тақдимот қилинди. Хусусан, “Рақамли ҳукумат” тизими, транспорт, божхона, солиқ, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, энергетика, геология, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ечимларни ўз ичига олган рақамли трансформация жараёнлари ҳақида ахборот берилди.
Мазкур соҳаларни рақамлаштириш давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилашга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон стартапларини қўллаб-қувватлаш ҳамда илгари суриш экотизими тақдимоти бўлиб ўтди. Давлат раҳбарлари “KPI-COM”, “OSON”, “DATOX” ва бошқа истиқболли стартап лойиҳалари фаолияти билан танишдилар ҳамда уларнинг ташаббускорлари билан мулоқот қилдилар.
Миллий ва хорижий акселераторлар, жумладан, “UZUM”, “TBC Bank”, “Aloqabank”, “HUMO”, “UZCARD” фаолияти тўғрисида маълумотлар тингланди.
Венчур инфратузилмасини янада ривожлантириш ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.
Банк соҳасининг ютуқлари, хусусан, рақамли банк хизматлари ва замонавий тўлов ечимларининг ривожига алоҳида эътибор қаратилди.
Давлат раҳбарларига хакатон ўтказиш концепцияси ва иштирокчиларнинг турли соҳалардаги долзарб муаммоларни ҳал қилишга қаратилган лойиҳалари тақдим этилди.
Очиқ мулоқот давомида ёшларда мазкур соҳага қизиқиши юқорилиги, йигит-қизларнинг ижодий салоҳияти ва сунъий интеллект технологияларини амалий қўллашга бўлган иштиёқи юқори баҳоланди.
Ташриф якунида Президентлар хакатон иштирокчилари ва стартап ҳамжамияти вакиллари билан эсдалик учун суратга тушдилар.
Давлат раҳбарлари Бухоро шаҳрида рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг тўлиқ занжирини йўлга қўйган “Нигора” компаниясига ташриф буюрдилар.
Ушбу лойиҳанинг қиймати 35 миллион долларни ташкил этиб, 2024 йил август ойида муваффақиятли ишга туширилган. Бу ерда 840 нафар ходим иш билан таъминланган, уларнинг аксариятини аёллар ташкил этади.

Япония, Италия, Бельгия ва Германиядан келтирилган юқори технологик ускуналар халқаро бозорларда дадил рақобатлашиш ҳамда ҳар йили 20 миллион погон метр тайёр мато ва 1 миллион дона тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш имконини беради.
Президентларга тайёр кийим-кечак ва матолар намуналари намойиш этилди. “Shoyigul” бренди остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар асосан Европа мамлакатларига, хусусан, Италия, Австрия, Буюк Британия ва Германияга экспорт қилинмоқда.

Давлат раҳбарлари компаниянинг йиллик экспортни 10 миллион долларга олиб чиқиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда келгусида синтетик тола ва аралаш матодан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режаларини юксак баҳоладилар.
Тадбирлар якунлангач, олий мартабали меҳмонни Бухоро халқаро аэропортида давлатимиз раҳбари кузатиб қўйди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилоятига ташрифи якунланди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
Зариф КОМИЛОВ,
ЎзА махсус мухбирлари