Ўзбекистон ва Озарбайжон: Иттифоқчилик муносабатининг янги босқичи
Бугунги кунда Ўзбекистон – Озарбайжон муносабати Марказий Осиё ҳамда Жанубий Кавказни боғловчи янги сиёсий ва иқтисодий ҳамкорлик маконини шакллантирмоқда. Бевосита умумий чегарага эга бўлмаса-да, икки давлатни тарихий яқинлик, муштарак маданият, туркий дунёга мансублик, иқтисодий манфаат ҳамда Евросиё транспорт йўлаклари чорраҳасидаги стратегик жойлашув бирлаштириб туради. Айниқса, сўнгги йилларда Тошкент ва Боку ўртасидаги алоқалар одатий дипломатик ҳамкорликдан стратегик шерикликка айланиб, сўнгра иттифоқчилик даражасига кўтарилгани икки давлат ташқи сиёсатида янги давр бошланганидан далолат.
Бу жараённинг ўзига хос жиҳати шундаки, сиёсий яқинлик аниқ иқтисодий натижа, қўшма инвестиция лойиҳалари, саноат кооперацияси, транспорт-логистика соҳасидаги ўзаро боғлиқлик ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш орқали мустаҳкамланмоқда. Шу нуқтаи назардан ўзаро муносабатни нафақат икки қардош давлат ўртасидаги шериклик, балки Марказий Осиё ва Жанубий Кавказнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамловчи янги геоиқтисодий модел сифатида ҳам кўриб чиқиш мумкин. Ушбу узоқ муддатли йўлнинг мантиқий давоми сифатида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг 2026 йил 23 августда Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида бўлиб ўтган музокаралар икки томонлама муносабат тарихида алоҳида аҳамият касб этди. Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Илҳом Алиев Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилишини ўтказиб, “Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида абадий дўстлик тўғрисида шартнома”ни имзоладилар.
Ушбу ҳужжат икки давлат ўртасидаги тарихий қардошлик ва сиёсий ишончни мустаҳкамлаш билан бирга, иттифоқчилик муносабатининг узоқ муддатли асосини янада мустаҳкамлади. Шунингдек, учрашув давомида пенсия таъминоти, маданият, туризм, ташқи ишлар ва ҳудудлараро алоқалар вазирликлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжатлар имзоланди.
Олий давлатлараро кенгашнинг мунтазам фаолият юритиши икки мамлакат муносабатларида муҳим институционал янгиликдир. Ушбу механизм орқали сиёсий қарорларни иқтисодий ва инвестиция лойиҳаларига айлантириш, уларнинг амалга оширилишини назорат қилиш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини мувофиқлаштириш имкониятлари кенгаймоқда.
Давлатимиз раҳбари жорий йил 14 октябрь куни Бокуга амалий ташрифи доирасида Президент Илҳом Алиев билан учрашувда айнан шу масалаларга эътибор қаратилди. Музокараларда август ойида амалга оширилган давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Бу Тошкент ва Боку ўртасидаги мулоқотнинг узлуксиз, тизимли ва аниқ натижага йўналтирилган хусусиятидан далолат беради.
Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатининг бугунги ривожини иқтисодий дипломатия натижасисиз тасаввур этиб бўлмайди. Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш салоҳияти, саноат тармоқлари ва ички бозори Озарбайжоннинг транспорт-логистика, энергетика, молия ва Каспий денгизи орқали халқаро савдо йўлакларига чиқиш борасидаги имкониятлари билан уйғунлашган.
Маълумотга кўра, йил бошидан буён икки томонлама савдо ҳажми 30 фоиз ошган. Ушбу кўрсаткич нафақат ҳамкорликнинг ижобий динамикасини кўрсатади, балки мавжуд иқтисодий салоҳият ҳали тўлиқ ишга солинмаганидан ҳам дарак беради.
Иқтисодий муносабатнинг янги босқичида инвестициявий ва саноат кооперацияси алоҳида ўрин тутади. Зеро, замонавий иқтисодий шерикликнинг самарадорлиги нафақат ўзаро савдо ҳажми, балки янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, технологик алмашинув, қўшма корхоналар ва янги иш ўринлари билан ҳам белгиланади.
Умумий капитали 500 миллион доллар Ўзбекистон – Озарбайжон инвестиция компанияси бу борада муҳим молиявий механизм ҳисобланади. Ушбу институт истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш ва икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Олий даражадаги музокарада старт берилган янги қўшма лойиҳалар банк-молия соҳаси, замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, таълим муассасаларини ташкил этиш, ёнилғи қуйиш инфратузилмасини ривожлантириш, сайёҳлик ва турар жой мажмуалари қуриш, минерал хом ашёни қайта ишлаш ва боғдорчиликни қамраб олди.
Ушбу лойиҳаларнинг аҳамияти шундаки, иқтисодий ҳамкорлик энди оддий товар айирбошлашдан биргаликда қиймат яратишга ўтмоқда. Ўзбекистон ва Озарбайжон бизнес субъектлари маҳсулот ишлаб чиқариш, молиялаштириш, логистика ва ташқи бозорларга биргаликда чиқиш йўналишларида ўзаро манфаатли фаолиятни амалга ошириш имкониятига эга.
Бундай ҳамкорлик Ўзбекистоннинг саноат салоҳиятини ошириш, экспорт таркибида юқори қўшилган қийматли маҳсулот улушини кўпайтириш ва мамлакат иқтисодиётини халқаро ишлаб чиқариш занжирларига янада чуқурроқ интеграциялашувига хизмат қилади.
Ҳамкорлик жараёнида транспорт-логистика соҳаси алоҳида геоиқтисодий аҳамиятга эга. Бугунги кунда жаҳон савдо йўлаклари диверсификацияси, транспорт харажати ўсиши ва халқаро таъминот занжиридаги ўзгариш ҳар икки давлат олдига янги вазифалар қўймоқда.
Ўзбекистон учун Озарбайжон Каспий денгизи орқали Жанубий Кавказ, Туркия ва Европа бозорига чиқиш учун муҳим транспорт ҳамкоридир. Озарбайжон учун Ўзбекистон Марказий Осиёнинг юқори иқтисодий салоҳиятга эга йирик бозори ва шарқий йўналишдаги транзит ҳамкоридир.
Хусусан, Транскаспий халқаро транспорт йўналиши – Ўрта йўлакни ривожлантириш икки томонлама муносабатнинг энг муҳим стратегик йўналишларидан биридир. Ушбу йўлак самарали ишлаши учун Каспий денгизи орқали контейнер ва бошқа юк ташувини кенгайтириш, портлар ўртасидаги мувофиқлаштиришни кучайтириш, темир йўл тарифини уйғунлаштириш, божхона жараёнини рақамлаштириш ва логистика хизмати узлуксизлигини таъминлаш зарур.
Транспорт соҳасидаги ҳамкорлик келажаги фақат транзит билан чекланмайди. Транспорт-логистика соҳаси саноат кооперацияси, савдо, инвестиция, туризм ва ҳудудлараро иқтисодий алоқаларни мустаҳкамловчи умумий инфратузилмага айланиши мумкин.
Муносабатнинг сиёсий-стратегик аҳамиятини оширувчи яна бир муҳим омил — Озарбайжоннинг Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорлик жараёнидаги иштироки кенгайиши. 2026 йил 8 октябрь куни Туркманистоннинг “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Ушбу учрашувнинг ўзига хос жиҳати шундаки, мазкур формат илк бор Озарбайжон билан биргаликда ўтказилди. Бу қўшилиш нафақат дипломатик форум кенгайиши, балки тобора кўпроқ ўзаро боғлиқликка эга минтақавий макон шаклланиши ҳамдир. Ҳодиса Марказий Осиё стратегик ресурсларини Жанубий Кавказ транзит имконияти билан бирлаштириб, Евросиё сиёсий иқтисодиётини қайта шакллантириш салоҳиятига эга. Озарбайжон Марказий Осиё Маслаҳат Саммитига доимий аъзо сифатида қабул қилиниши муҳим геосиёсий ўзгаришдан далолат. Бу Совет Иттифоқи парчалангандан бери Марказий Осиё ва Жанубий Кавказни ҳар қачонгидан яқинроқ бирлаштирган Транскаспий сиёсий ва иқтисодий макони пайдо бўлганини кўрсатади.
Ўзбекистон учун бу жараён икки ва кўп томонлама ташқи сиёсат бир-бирини тўлдиришини кучайтиради. Бир томондан Озарбайжон билан иттифоқчилик алоқалари мустаҳкамланади. Бошқа томондан Марказий Осиё давлатларининг умумий транспорт ва иқтисодий манфаати уйғунлашади. Шу нуқтаи назардан Тошкент – Боку мулоқотини Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги минтақалараро ҳамкорликнинг муҳим таянчи сифатида кўриш мумкин.
Бундай ташаббуслар маданий дипломатиянинг сиёсий аҳамиятини оширади, чунки икки давлат ўртасидаги ишонч нафақат ҳукуматлар ва дипломатик идоралар даражасида, балки университетлар, илмий марказлар, маданият муассасалари ва ёшлар ўртасидаги доимий мулоқот орқали ҳам мустаҳкамланмоқда.
Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳамда Озарбайжоннинг етакчи университетлари ва илмий марказлари ўртасида халқаро муносабатлар, туркий дунё тадқиқотлари, маданий дипломатия, минтақашунослик, транспорт сиёсати ва тарихий манбашунослик соҳаларида қўшма тадқиқотларни кенгайтириш келажакдаги истиқболли йўналишлардир.
Умуман ўзаро муносабат бугун ўз тарихида янги ва мазмун жиҳатидан муҳим босқични бошдан кечирмоқда. Стратегик шериклик, иттифоқчилик ва абадий дўстлик тўғрисидаги шартномалар, давлатлараро олий кенгашнинг самарали фаолияти, товар айирбошлаш ҳажми ўсиши, қўшма инвестиция лойиҳалари, транспорт-логистика алоқалари ва маданий-гуманитар ҳамкорлик жараённинг асосий устунларидир.
Шу маънода Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг иттифоқчилиги икки қардош давлат манфаатидан ташқари Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги минтақалараро боғлиқликни мустаҳкамлаш, Евросиё транспорт-коммуникация тизимини ривожлантириш ҳамда кенг иқтисодий ва маданий ҳамкорлик маконини шакллантиришга хизмат қилади.
Зиё Жабборов,
ТДШУ Халқаро муносабатлар
кафедраси мустақил тадқиқотчиси