Ўзбекистон ва Латвия ўртасида шартномалар имзоланди
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи биринчи ўринбосари С.Сайфиддинов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Латвияда бўлиб турибди.
Ташриф доирасида делегация аъзолари Латвия иш берувчилар конфедерацияси (LDDK) президенти Андрес Бите билан музокара ўтказди. Мулоқотда А.Бите бугунги кунда Латвия хорижий ишчи кучига муҳтожлиги тўғрисида сўз юритди.
Шунингдек, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги орқали юртдошларимизни Латвияга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун юборишга марказлашган тизим яратилса, Латвия иш берувчилар конфедерацияси агентлигимиз билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.

Учрашув якунида икки томонлама ҳамкорлик меморандумини имзолашга келишиб олинган. Шу куни “Work management” ташкилоти раҳбари В.Барсукс билан ўтказилган учрашувда эса Латвияда қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳасида ишчиларга бўлган талаб ортиб бораётгани таъкидланди.
– Томонлар фуқароларимизни Латвияга вақтинчалик меҳнат фаолиятига жалб қилиш юзасидан ҳамкорлик шартномасини имзолади, – дейилади агентлик хабарида. Шундан сўнг, делегациямиз “EESTI SBA” логистик ташкилоти бошқарув менежери В.Яковлев билан ҳам учрашишга муваффақ бўлди. Анжуман чоғида ҳайдовчи ва юк ташувчи мутахассисликлари бўйича бўш иш ўринлари мавжудлиги маълум қилинди.
Таъкидланишича, ташкилот томонидан турар жой ва тиббий суғурта харажатлари қоплаб берилади. Шу боис, музокара якунида агентлик шартнома лойиҳаси ва бошқа зурурий ҳужжатлар ушбу ташкилот юристлари томонидан ўрганиб чиқилиши учун тақдим этилди.

Бирин-кетин уюштирилган тадбирлар қаторида “Hermis Auto” ташкилоти раҳбари В.Томашевич билан учрашув ҳам бор. Муассаса раҳбари мамлакатда, айнан, ҳайдовчиларга талаб юқори эканини таъкидлади. Европада ҳайдаш ҳуқуқини берувчи (CODE 95) ҳужжатлар иш берувчи томонидан тайёрланади ва харажатлар қоплаб берилади. Ишчиларга Латвия қонунчилигида белгиланган тартибда меҳнат таътиллари берилади ва турар жой билан таъминланади.
Хуллас, Ўзбекистон делегациясининг Латвияга ташрифи чоғида қатор корхоналар билан шартномалар имзоланди. Бу меҳнат миграцияси соҳасини янада ислоҳ қилишга, жумладан, фуқароларимизни чет элга ишга жалб қилишга қаратилган навбатдаги истиқболли қадам бўлди, дейиш мумкин.