Ўзбекистон ва Корея: юқори даражада эришилган келишувлар ижроси устидан парламент назорати кучайтирилади
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси аъзоси Ан До Голь бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Аъзамхўжаев билан учрашувда Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда янада кенгайтириш, шунингдек, парламентлараро ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Икки давлат парламентлари ўртасида барча бўғинларда тизимли мулоқот йўлга қўйилган. Хусусан, ўтган йили декабрь ойида Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг учинчи йиғилиши самарали ўтказилди.
Корея ташаббуси билан йўлга қўйилган мазкур мулоқот формати ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган самарали платформа сифатида эътироф этилди.
Учрашувда парламентлараро ҳамкорликни янада фаоллаштириш ва унинг самарадорлигини ошириш юзасидан қатор таклифлар илгари сурилди.

Жумладан, парламентлараро ҳамкорлик гуруҳларининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш, юқори даражада эришилган келишувлар ижроси устидан қўшма парламент назоратини кучайтириш, масъул қўмиталараро ҳамкорликни фаоллаштириш масалалари, шунингдек, жорий йил давомида кўзда тутилган қўшма тадбирлар режалари муҳокама қилинди.
Маданият соҳасида, хусусан, икки мамлакат музейлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича улкан салоҳият қайд этилиб, бу борада ҳудудлар кесимида алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашишга келишилди.
Н.Абдураимова, ЎзА