Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида Ўзбекистон – Италия университетлари ректорларининг давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Ўзбекистоннинг Италиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абат Файзуллаев ҳамда Италиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Пиергабриеле Пападиа де Боттини, икки давлатдаги ўттизга яқин олий таълим муассасалари ректорлари, вазирлик ва идоралар вакиллари қатнашди.

– Бугун Ўзбекистон ва Италия давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқалар таълим соҳасида ҳам изчил ривожланиб бормоқда, – деди тадбир аввалида олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов. – Ўзаро ҳамкорлик доирасида охирги 2 йилда 100 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчиларимиз Италия олий ўқув юртларида стажировка ўтади. Ҳозир мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида 700 нафардан ортиқ талаба итальян тилини ўрганмоқда. Бугунги кунга келиб, икки мамлакатнинг олий таълим муассасалари 50 дан ортиқ ўзаро келишувлар асосида ҳамкорлик қилмоқда. Бугунги давра суҳбати давомида янги ҳамкорлик шартномалари имзоланиши кутилмоқда ва бу таълим, илм-фан соҳаларида ҳамкорлигимизни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Давра суҳбатида экология, қишлоқ хўжалиги, энергетика, тиббиёт ва машинасозлик каби долзарб йўналишларда илмий-тадқиқот ва таълим лойиҳаларини амалга ошириш бўйича фикр алмашилди. Олий таълим муассасалари, вазирлик ва идоралар ўртасида ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

Жумладан, Самарқанд давлат университети Тренто ва Ка Фоскари университетлари билан, Самарқанд давлат тиббиёт университети Пиза университети билан, Тошкент кимё-технология институти Ка Фоскари университети билан ҳамкорлик бўйича меморандумлар тузилди.

– Бугунги кунда Италия университетлари билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйганмиз, – дейди Ўзбекистон Миллий университети ректори И.Мажидов. – Хусусан, Ўзбекистон – Италия таълим форумида Милано Бикокко, Ка Фоскари, Тюши каби университетлар билан ҳамкорлик шартномаларини имзолаб, самарали алоқаларни йўлга қўйганимиз. Бунинг натижасида 2025-2026 ўқув йилидан Тюши университети билан археология йўналишида қўшма диплом дастурини амалга оширамиз. Ка Фоскари ва Mилано Бикокко ҳамда ЎзМУ ва Тошкент давлат техника университетлари ҳамкорлигида жорий йилнинг 23-27 июнь кунлари университетимизда “GEM ва Буюк Ипак йўли--2025” халқаро ёзги мактаб бўлиб ўтади. Бу эса талаба ва тадқиқотчиларимиз учун янги билим, тажриба ва халқаро мулоқот майдонини яратишга хизмат қилади.
Давра суҳбати иштирокчилари Самарқанд давлат университети фаолияти билан яқиндан танишди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири