Ўзбекистон ва Германия ёшлар бандлиги йўналишидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Германия Федератив Республикаси ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар бутунлай янги босқичга кўтарилди. Мунтазамлик касб этган олий даражадаги мулоқотлар икки томонлама иқтисодий шерикликка янги суръат бағишламоқда.
Бугун Ўзбекистон ва Германия иқтисодиётлари бир-бирини тўлдирувчи хусусиятга эга экани амалий лойиҳаларда яққол намоён бўлмоқда. Германия ўзининг илғор технологиялари ва юқори сифатли саноат ускуналари билан мамлакатимиз учун энг ишончли ҳамкорлардан бирига айланди. Юртимизда немис капитали ва юқори технологиялари иштирокида амалга оширилаётган йирик ташаббуслар иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилишга хизмат қиляпти.

Тошкент шаҳрида муваффақиятли фаолият юритаётган “Papenburg Uzbekistan” қўшма корхонаси ана шундай юқори технологик ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан мамлакатимизда расмий ташриф билан бўлиб турган Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер мазкур қўшма корхонага ташриф буюрди.
Олий мартабали меҳмонга Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлари вазири Бахтиёр Саидов ва бошқа расмийлар ҳамроҳлик қилди.

Германиянинг етакчи технологиялари ва миллий йўл қурилиши анъаналари асосида ташкил этилган ушбу корхона инфратузилмавий тараққиёт йўналишида самарали фаолият олиб бормоқда. Икки давлат раҳбарларининг муҳим келишувлари ҳамда Ўзбекистон Ҳукуматининг тегишли қарори ижроси доирасида 2021 йилда иш бошлаган мазкур субъект қисқа муддатда миллий йўл инфратузилмасини халқаро стандартлар даражасида янгилашнинг муҳим драйверларидан бирига айланди.
Лойиҳани кенг кўламда амалга ошириш, замонавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида пойтахтимизнинг Бектемир туманидан 8 гектардан ортиқ ер майдони ажратилган. Корхонанинг қисқа фурсатда тўлиқ қувват билан ишга тушиши ва юқори самарадорликка эришишида Ўзбекистондаги қулай тадбиркорлик муҳити, бюрократик тўсиқларнинг йўқлиги ҳамда қонунчилик даражасидаги кафолатлар муҳим пойдевор бўлди.
Ушбу лойиҳа нафақат иқтисодий, балки катта ижтимоий аҳамиятга ҳам эга. Бугунги кунда корхонада фаолият юритаётган юқори малакали ишчи ва мутахассисларнинг асосий қисмини маҳаллий ёшлар ташкил этади. Улар немис муҳандисларидан замонавий технологияларни бошқариш сирларини ўрганиб, юртимизда йўл қурилиши соҳасининг янги авлод кадрлари бўлиб етишмоқда.
Икки томонлама шериклик кўламининг бундай кенгайиши нафақат саноат ва инфратузилма, балки меҳнат миграцияси ва профессионал таълим йўналишида ҳам янги истиқболларни очмоқда. Шу боис, ташриф давомида Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайерга Ўзбекистон томонидан ташкил этилган Миграция агентлиги ҳамда Германиянинг масъул ташкилотлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган мақсадли лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Бу жараёнда ёшларни иш билан таъминлаш ва уларнинг касбий маҳоратини ошириш масаласига алоҳида урғу берилди.
Мазкур лойиҳалар ўзбекистонлик ёшларга немис тили ва халқаро касбий стандартларни пухта ўргатиш орқали уларнинг Германиядаги етакчи саноат, қурилиш, тиббиёт, транспорт ва хизмат кўрсатиш тармоқларида қонуний ҳамда хавфсиз меҳнат фаолиятини йўлга қўйишга қаратилган. Бу эса мамлакатимизда ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг жаҳон меҳнат бозорида рақобатбардошлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда.
Олий мартабали меҳмон икки давлат ўртасидаги меҳнат миграцияси соҳасидаги тизимли ташаббуслар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш дастурларига алоҳида қизиқиш билдирди.
Бугунги кунда Германиянинг 38 та йирик шерик-иш берувчи ташкилоти билан тўғридан-тўғри изчил алоқалар ўрнатилган. Айнан шу ҳамкорлик натижасида немис меҳнат бозорида ўзбекистонлик мутахассислар учун 73 мингдан ортиқ бўш иш ўрни таклиф қилинган бўлиб, ҳозирги кунгача ушбу йўналишда 5 минг 500 нафар фуқаро германиялик иш берувчиларга бириктирилди.
Ташриф доирасида айниқса тиббиёт ва соғлиқни сақлаш йўналишидаги қўшма лойиҳалар алоҳида эътироф этилди.
Германия Президенти немис тили ва касб-ҳунар сирларини ўрганиб, Германияга ишга кетишга тайёргарлик кўраётган ўзбекистонлик ёшлар билан бевосита, самимий мулоқот қилди. Ёшларнинг билимга бўлган интилиши ва немис тилини мукаммал эгаллагани юқори баҳоланди.
Бундай мақсадли ва изчил ташаббуслар Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги алоқалар нафақат йирик саноат лойиҳалари, балки энг аввало инсон капиталини ривожлантириш, ёшларни замонавий касблар билан таъминлаш ва уларнинг келажагига хизмат қилувчи стратегик кўприкка айланганини яна бир бор яққол тасдиқлайди.
<iframe width="360" height="639" src="https://www.youtube.com/embed/Mo6cD_NE4QI" title="O‘zbekiston va Germaniya yoshlar bandligi yo‘nalishidagi hamkorlikni kengaytirmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Икром АВВАЛБОЕВ,
Отабек МИРСОАТОВ (сурат),
ЎзА