Ўзбекистон ва Франция энергетика соҳасидаги лойиҳаларни жадаллаштиради
Мамлакатимизда энергетика тизимини модернизация қилиш, янги қувватларни ишга тушириш ва “яшил” энергетикани ривожлантириш мақсадида хорижий ҳамкорлар билан алоқалар кенгайтирилмоқда. Бу жараёнда Франция компаниялари иштирокидаги лойиҳалар ҳам муҳим ўрин тутади.
Энергетика вазири Шерзод Хўжаев Франциянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Уалид Фук билан учрашиб, икки давлат ўртасидаги энергетика алоқаларининг бугунги ҳолати ва келгуси режалар юзасидан фикр алмашди.
Мулоқотда икки давлат ўртасидаги муносабатлар барча йўналишларда изчил ривожланаётгани, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик эса тобора амалий мазмун касб этаётгани таъкидланди.
Учрашувда Франция компанияларининг Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича йирик лойиҳаларни амалга оширишдаги иштироки ҳам қайд этилди. Жумладан, “TotalEnergies” компанияси билан ҳамкорликда Самарқанд вилоятида 100 МВт, “Voltalia” билан ҳамкорликда Хоразм вилоятида 100 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилди. Шунингдек, “EDF” компанияси билан ҳамкорликда Сирдарё вилоятида 1 573 МВт қувватли иссиқлик электр станцияси фаолияти йўлга қўйилди.
Франция компаниялари иштирокида юртимизда амалга оширилаётган энергетика лойиҳаларининг жорий ҳолати ва истиқболлари ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, анъанавий ва “яшил” энергетика, шунингдек, нефть-газ соҳаларидаги лойиҳаларни ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.
Томонлар мавжуд ташаббусларни амалга оширишни жадаллаштириш, истиқболли лойиҳаларни илгари суриш ҳамда ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш муҳимлигини қайд этди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, мулоқот якунида қўшма лойиҳаларни изчил давом эттириш, мавжуд ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва энергетика соҳасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА