Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги инвестициявий ҳамкорликнинг янги йўналишлари муҳокама қилинди
Бирлашган Араб Амирлиги пойтахти Абу-Дабида ўтказилаётган "Investopia Bridge 2026" халқаро форуми доирасида Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда Амирликнинг қатор расмийлари иштирокида "БАА – Ўзбекистон: капитални имкониятлар билан боғлаш" мавзусида бизнес-давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда икки мамлакат бизнес вакиллари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувларда энергетика, рақамли инфратузилма ва телекоммуникациялар, сунъий интеллект, молия, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги, туризм, транспорт-логистика ҳамда кўчмас мулк соҳалари истиқболли йўналишлар сифатида қайд этилди.

Музокараларда “Ghitha Holding”, “Rotana Hotel Management Corporation”, “Mashreq Bank”, “Masdar”, “AMEA Power”, “Modon” ва “Etihad Development Company” каби БААнинг йирик компаниялари ҳамда молия институтлари вакиллари қатнашди.
БАА ишбилармон доираларига Ўзбекистонда амалга оширилиши режалаштирилаётган истиқболли лойиҳалар, хусусийлаштириш жараёнлари, инфратузилмавий ва технологик ташаббисларда иштирок этиш имкониятлари тақдим этилди. Шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажмини ошириш ва логистика йўналишларини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.
Ишчи ташриф доирасида Лазиз Қудратов БАА иқтисодиёт ва туризм вазири Абдулла бин Туқ Ал Марри, инвестициялар вазири Муҳаммад Ҳасан Ал Сувайди, ташқи савдо вазири Тани бин Аҳмад Ал Зеюди ҳамда қатор йирик компаниялар раҳбарлари билан учрашди.
Учрашувларда икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг институционал механизмларини такомиллаштириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши фаолиятини кучайтириш, уларни аниқ инвестиция ва бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга йўналтириш бўйича келишувга эришилди.
Ташриф якунида Ўзбекистон ва БАА давлат тузилмалари, инвестиция фондлари ҳамда бизнес вакиллари иштирокида истиқболли лойиҳаларни илгари суриш бўйича навбатдаги амалий қадамлар белгилаб олинди.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА