Ўзбекистон учун устувор бўлган халқаро рейтингларда қандай натижалар қайд этилди?
Сенат раиси, Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича Республика кенгаши раиси Танзила Норбоеванинг қайд этишича, 2024 йилда мамлакатимиз учун устувор бўлган 9 та халқаро рейтингда Ўзбекистоннинг ўрни яхшиланди.
Жумладан, Электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингида Ўзбекистон 2024 йилда аввалги ҳисобот даврига нисбатан 6 поғонага кўтарилиб, 193 давлат орасида 63-ўринни эгаллади.
Электрон ҳукумат соҳасида ривожланиш бўйича “юқори” гуруҳдан “жуда юқори” гуруҳга кўтарилган 17 давлат қаторидан жой олди.
Жаҳон банкининг 2023 йил учун эълон қилинган Статистика фаолияти самарадорлиги индексида республикамиз ўз кўрсаткичларини 17 поғонага яхшилаб, 217 давлат орасида 62-ўринга кўтарилди.
Умуман олганда, кейинги 7 йилда мазкур индексда Ўзбекистон ўз позициясини 89 поғонага яхшилади.
Жаҳон банкининг Аёллар, бизнес ва қонун индексида мамлакатимиз 48 поғонага юқорилаб, 190 давлат орасида 91-ўринни эгаллади.

Ўзбекистон аёллар ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасида энг катта натижаларга эришган муҳим ислоҳотларни амалга оширган 5 мамлакатдан бири сифатида қайд этилди.
Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича Республика кенгашининг навбатдаги йиғилишида шу каби эришилган ютуқлар эътироф этилиши билан бир қаторда, бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада ошириш бўйича муҳим вазифалар қўйилди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 19 июндаги “Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда ушбу соҳада парламент назоратини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлашда парламент назоратини кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Фармон билан мазкур соҳада бир қатор янги механизмлар амалиётга жорий этилгани, хусусан, мутасадди вазирлик ва идоралар тегишли халқаро рейтинг ҳамда индексларга бириктирилгани, ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни яхшиланиши тўғрисидаги миллий маърузани муҳокама қилиш тартиби жорий этилгани амалда муҳим ўрин тутаётгани қайд этилди.

Ижобий натижалар билан бирга айрим индекслардаги пасайишлар муҳокама қилинди ҳамда тегишлилиги бўйича масъул вазирлик ва идоралар вакилларининг фикрлари эшитилди.
Ўз навбатида, мамлакат имижига салбий таъсир этувчи ҳолатларни тезкорлик билан бартараф этиш, керакли чора-тадбирларни кўриш зарурлиги топширилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикасининг устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни яхшиланиши тўғрисидаги миллий маъруза лойиҳаси ҳақида сўз борди.
Бу жараёнга илмий-тадқиқот муассасалари ҳам бириктирилиб, 2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилашга қаратилган амалий чора-тадбирлар дастурлари лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди.
Йиғилиш якунида Республика кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА