Ўзбекистон тиббиётида хусусий секторнинг янги даври
Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида тарихий бурилиш ясаши кутилаётган Президентимизнинг “Тиббиёт соҳасида хусусий секторни қўшимча қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони тиббий хизматлар бозорини тубдан қайта шакллантиришга қаратилган стратегик “йўл харитаси”дир.
Фармоннинг бош мақсади аниқ ва рақамларда ифодаланган: 2030 йилга бориб тиббий хизматлар кўрсатишда хусусий сектор улушини 30 фоизга етказиш белгиланди. Бу нафақат давлат зиммасидаги юкни камайтириш, балки соҳага инвестиция ва замонавий менежментни олиб кириш демакдир. Эндиликда хусусий клиникалар давлат тиббиёт муассасалари билан тенг ҳуқуқли ҳамкорга айланмоқда.
Ҳужжатнинг энг муҳим жиҳати шундаки, 2026 йил 1 июлдан бошлаб хусусий клиникаларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан беморларни даволашга рухсат берилади. Энди бемор ўзи истаган, сифат яхшироқ бўлган шифохонани танлайди, пул эса Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали ўша шифохонага ўтказилади. Бу тиббиёт муассасалари ўртасида бемор учун ҳақиқий ижобий рақобатни бошлаб беради.
Фармон билан 2027 йил 1 майдан бошлаб аккредитациядан ўтган нодавлат тиббиёт ташкилотларига инсон аъзоларини трансплантация қилиш ҳуқуқи берилмоқда.
Халқаро тажрибага назар ташласак, АҚШ, Германия ва Ҳиндистон каби давлатларда трансплантация амалиётларининг катта қисми хусусий ёки аралаш молиялаштириладиган марказларда муваффақиятли амалга оширилади. Масалан, Ҳиндистондаги хусусий клиникалар трансплантация бўйича дунёнинг йирик марказларига айланган.
Ўзбекистонда ҳам хусусий секторнинг бу жараёнга кириши навбатларни камайтиради ва юқори технологияли амалиётлар учун чет элга кетаётган валюта оқимини жиловлашга ёрдам беради. Бу фаолият юқори масъулият талаб этгани боис, “Хавфни таҳлил қилиш” тизими орқали қатъий назорат қилинади.
Соҳани ривожлантириш учун Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги қайта ташкил этилиб, унинг қошида “Health Invest” компанияси тузилмоқда. Тиббиёт ташкилотларини ривожлантириш жамғармасига Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 10 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилиши ислоҳотларнинг молиявий пойдевори бўлади.
Шунингдек, Жиззах вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази ва Болалар миллий тиббиёт маркази каби йирик муассасаларнинг синов тариқасида Компания бошқарувига берилиши давлат активларини профессионал менежмент асосида ишлатиш имконини беради.
Хусусий секторни молиявий қўллаб-қувватлаш учун “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан 200 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит линияси очилиши белгиланди. Бунда асосий урғу вилоят марказларидан ташқаридаги туманлар ва чегара ҳудудларида юқори технологик клиникалар барпо этишга қаратилган. Хорижлик мутахассислар учун ижтимоий солиқнинг 1 фоизга туширилиши ва тиббий жиҳозларнинг божхона божидан озод қилиниши юртимизда тиббий туризмни ривожлантириш учун янги имкониятлар очади.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу ҳужжат тиббиётни ижтимоий соҳадан юқори даромадли ва юқори сифатли хизмат кўрсатувчи иқтисодий тармоққа айлантиришга хизмат қилади. Эндиги вазифа ушбу механизмларнинг жойларда тўғри ишлашини таъминлаш ва хусусий сектор бераётган сифатли хизматлар давлат суғуртаси орқали барча аҳоли қатламлари учун бирдек ҳаммабоп бўлишига эришишдир. Тиббиётдаги бу янгиланишлар яқин йилларда шифохоналардаги навбатларни камайтиришга ва инсон қадрининг тиббий хизматлар мисолида янада юксалишига пойдевор бўлади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА