Ўзбекистон робототехникасида янги давр бошланади
Жанубий Кореянинг ROBOTIS компанияси билан йирик робототехника лойиҳасига асос солинди. Бу саноат ва инновацияларда янги босқични англатади.
"Ўзбекистонда робототехника саноатининг янги босқичи: ROBOTIS заводига тамал тоши қўйилди".
"Янги Авлод" махсус саноат зонасида Жанубий Кореянинг робототехника соҳасидаги етакчи компанияларидан бири – ROBOTIS томонидан қарийб 70 миллион АҚШ долларига тенг йирик лойиҳага тамал тоши қўйиш маросими бўлиб ўтди. Бу Ўзбекистонда юқори технологияли саноатни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлиб, инвестиция лойиҳаси учун 11 гектар майдон ажратилган ҳамда инвесторлар учун барча қулай шароитлар яратилган.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Корея Республикаси билан юқори технологиялар, инновациялар ва саноат кооперациясини кенгайтиришга қаратилган ташаббусларининг амалий ифодасидир. Тамал тоши қўйиш маросимида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси вакиллари, шунингдек, Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги элчиси ва ROBOTIS компанияси раҳбарияти иштирок этди.
Маросимда сўз олган Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев мамлакатда юқори технологияли тармоқларни ривожлантириш, инновациялар ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларга тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, кореялик сармоядорларнинг Ўзбекистонга киритаётган инвестициялари ўтган йилга нисбатан 24 фоизга ошган.
ROBOTIS компанияси бош директори Ким Бёнг Су эса робототехника соҳасидаги ҳамкорликнинг улкан истиқболлари, инновацион технологияларни жорий этиш ва кадрлар тайёрлашнинг муҳимлигини қайд этди.
Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Вон До Ёнг мазкур лойиҳанинг яратилиш тарихига тўхталди: "Мазкур лойиҳа бўйича ҳамкорликка 2025 йил декабрь ойида Жанубий Кореяда бўлиб ўтган Ўзбекистон–Жанубий Корея бизнес форуми доирасидаги давра суҳбатида асос солинган эди. Ўшанда "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси ва ROBOTIS компанияси ўртасида Англашув меморандуми имзоланганди. Бугунги тамал тоши қўйиш маросими ана шу келишувларнинг амалий натижаси сифатида алоҳида аҳамият касб этади. Ушбу лойиҳа робототехника, сунъий интеллект ва юқори технологиялар асосидаги саноат экотизимини ривожлантиришда муҳим қадам ҳисобланади. Мамлакатингизда яратилган қулай инвестиция муҳити, ёш ва салоҳиятли кадрлар ҳамда саноатни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар бизнинг ушбу лойиҳани айнан шу ерда амалга оширишимизга асос бўлди. ROBOTIS учун бу лойиҳа шунчаки янги ишлаб чиқариш майдони эмас, балки Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги технологик ҳамкорликнинг янги босқичидир. Биз маҳаллий мутахассислар билан билим ва технологиялар алмашишни, замонавий робототехника маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ҳамда уларни халқаро бозорларга экспорт қилишни режалаштирмоқдамиз".
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/XXkRDt7hBZY" title="O‘zbekistonda robototexnikasida yangi davr boshlanadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>ROBOTIS робототехника соҳасидаги илғор ишланмалари, хусусан, "DYNAMIXEL" актуаторлари, гуманоид ва таълим роботлари ишлаб чиқариши билан дунёга машҳур. Унинг технологиялари бугунги кунда дунёнинг кўплаб университетлари, илмий марказлари ва саноат корхоналарида кенг қўлланилади. Келгусида корхонада инсонсимон роботлар, автоном робот тизимлари ҳамда улар учун зарур бўлган юқори технологик компонентлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади. Бу эса Ўзбекистонда янги технологик йўналишларни ривожлантириш, муҳандислик мактабларини шакллантириш ва мамлакатнинг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Санжар Тошпўлатов, Ойбек Давронов,
Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА