Ўзбекистон – Қирғизистон: маҳкумларнинг ўз ватанида жазони давом эттиришига асос бўладиган Шартнома
Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида озодликдан маҳрум этилган шахсларни жазони ўташни давом эттириш учун топшириш тўғрисидаги Шартнома инсонпарварлик тамойилларига асосланган муҳим ҳужжат ҳисобланади.
Унинг асосий мақсади маҳкумларнинг жазони ўз фуқаролиги бўлган давлатда ўташлари, яъни маҳкумлар ўз ватанида, оиласи яқинида жазони ўташ имкониятини яратишга қаратилган. Шартномада жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни ҳукмни ижро этиш учун ўз давлатига топшириш асослари, шартлари ҳамда тартиблари аниқ кўрсатиб ўтилган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида озодликдан маҳрум этилган шахсларни жазони ўташни давом эттириш учун топшириш тўғрисидаги Шартномани (Тошкент, 2024 йил 18 июль) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, мазкур ҳужжатда маҳкумни топшириш билан боғлиқ ҳаражатлар, низоларни ҳал қилиш, икки томонлама алоқа тиллари, шартномага ўзгартириш киритиш ҳамда кучга кириши каби муҳим масалалар ўрин олмоқда. Шартномага кўра, томонларнинг марказий органлари — Ўзбекистон ва Қирғизистон Бош прокуратуралари этиб белгиланган.
Мазкур шартнома маҳкумларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий реабилитациясини яхшилаш, уларнинг оилалари билан алоқаларини сақлаш имкониятини яратиш, шу билан бирга, давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим халқаро-ҳуқуқий ҳужжат бўлиб хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
М.Комилова,
ЎзА