Ўзбекистон – Қатар: 3 миллиард долларлик лойиҳалар ижроси жадаллаштирилади
Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги энергетика соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда. Икки давлат ўртасида амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари тармоқни ривожлантириш ҳамда стратегик шерикликни мустаҳкамлашда муҳим ҳисобланади.
Тошкент шаҳрида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳамда Қатар давлатининг Ташқи савдо ишлари бўйича давлат вазири Аҳмад бин Муҳаммад Ал-Сайид ўртасида ўтказилган икки томонлама учрашувда шу ҳақда сўз борди.
Унда Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани, айниқса, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик муҳим йўналишлардан бирига айлангани қайд этилди.
Бугунги кунда Қатарнинг “Nebras Power” компанияси иштирокида Сирдарё, Сурхондарё ва Навоий вилоятларида умумий қуввати 4 133 МВт бўлган замонавий энергетика лойиҳалари амалга оширилмоқда. Жумладан, Сирдарё вилоятида 1 573 МВт ҳамда Сурхондарё вилоятида 1 560 МВт қувватга эга иссиқлик электр станциялари қуриляпти. Шунингдек, Навоий вилоятида 1 ГВт қувватга эга шамол электр станцияси лойиҳаси бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Учрашув давомида умумий қиймати 3 миллиард доллардан ортиқ бўлган мазкур лойиҳалар ижросини жадаллаштириш, электр тақсимлаш тармоқларини ривожлантириш ҳамда энергетика соҳасининг бошқа йўналишларида янги қўшма ташаббусларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, учрашув якунида энергетика соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва янги инвестициявий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда галдаги вазифалар белгиланди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА