Ўзбекистон ўйин индустрияси глобал бозорга йўл очмоқда
IT Park Uzbekistan Кёльн шаҳрида бўлиб ўтган "Gamescom-2026" кўргазмасида иштирок этиб, халқаро ўйин компаниялари ва соҳа ташкилотлари билан қатор учрашувлар ўтказди.
Асосий эътибор Ўзбекистондаги GameDev стартапларини қўллаб-қувватлаш, уларни халқаро бозорларга олиб чиқиш ва хорижий акселерация дастурларига жалб этиш масалаларига қаратилди.
Дунёдаги энг йирик ўйин индустрияси тадбирларидан бири бўлган “Gamescom-2026”да 60 дан ортиқ мамлакатдан 1 200 дан зиёд экспонент ва 320 мингдан ортиқ ташрифчи иштирок этди.
IT Park Uzbekistan тадбирнинг B2B ҳудудида ўз стенди билан қатнашди.

Ўзбекистон GameDev соҳасининг салоҳиятини Evegoplayon, CAS ва Spaghetti Cat компаниялари ҳам намойиш этди. Улар арт-продакшн, ўйин маркетинги ва ноширлик йўналишларида ўз хизмат ва тажрибаларини тақдим этди.
“Gamescom Spaghetti Cat” жамоаси учун ҳам янги профессионал алоқалар ўрнатиш ва истиқболли ўйин лойиҳалари билан танишиш имконини берди. Кўргазма давомида қатор учрашувлар ўтказилиб, келгуси ҳамкорлик бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

Ишбилармонлик дастури доирасида DMCC Gaming Center, Morocco Game Hub ва Voodoo компаниялари билан ҳам музокаралар олиб борилди. DMCC Gaming Center билан GameJam тадбирларини биргаликда ташкил этиш ва ўзбек компанияларининг Дубайдаги акселерация дастурларида иштирок этиши, Morocco Game Hub билан халқаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Voodoo билан эса Тошкентда скаутинг марказини ташкил этиш имконияти кўриб чиқилди. Бундай марказ Ўзбекистондаги истиқболли ўйин лойиҳаларини аниқлаш ва уларни халқаро ҳамкорликка олиб чиқишга хизмат қилади.
Н.Раҳмонова, ЎзА