Ўзбекистон манфаатлари халқаро космик минбарда ифода этилди
Сўнгги йилларда Ўзбекистон космик соҳада халқаро интеграция ва ҳуқуқий дипломатияни изчил ривожлантириб келмоқда. Ана шу саъй-ҳаракатларнинг муҳим натижаларидан бири сифатида Австрия пойтахти Вена шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг Космосдан тинч мақсадларда фойдаланиш қўмитаси Юридик қуйи қўмитасининг 65-сессиясида “Ўзбеккосмос” агентлиги томонидан мамлакатимиз манфаатлари илк бор ифода этилди.
Мазкур иштирок Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 октябрдаги фармони билан тасдиқланган 2024–2026 йилларга мўлжалланган космик соҳани ривожлантириш йўл харитаси доирасида амалга оширилди. Бу эса мамлакатнинг космик дипломатия ва халқаро космик ҳуқуқ тизимидаги ўрнини янги босқичга олиб чиқди.

COPUOS Юридик қуйи қўмитасининг 65-сессиясида космик фаолиятни тартибга солишга оид халқаро ҳуқуқий масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, соҳани халқаро нормалар асосида тартибга солиш, БМТ космик шартномаларининг ижроси, космик объектлар учун жавобгарлик масалалари ҳамда миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштириш каби йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Сессия доирасида Ўзбекистон делегацияси томонидан мамлакатнинг космик соҳадаги давлат сиёсати ва амалга оширилаётган ислоҳотлар тақдим этилди. Унда космик соҳани устувор йўналиш сифатида белгилаш, норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, космик технологияларни иқтисодиётга жорий этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари қайд этилди.
Шунингдек, 2028 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Халқаро космик конгресс (IAC)га тайёргарлик ишлари ҳақида ҳам ахборот берилди. Ушбу ташаббус халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланди.
Мамлакатимиз делегациясининг COPUOS Юридик қуйи қўмитасининг 65-сессиясидаги иштироки Ўзбекистон учун стратегик аҳамият касб этди. Бу орқали юртимиз халқаро космик ҳуқуқ муҳокамаларига фаол қўшилди, миллий космик сиёсат глобал майдонга олиб чиқилди ҳамда илғор халқаро тажриба асосида ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш имконияти яратилди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА