Ўзбекистон маҳсулотлари Европа бозорига чиқмоқда
Чехия пойтахти Прага шаҳрида “Made in Uzbekistan”нинг очилиши мамлакатимиз экспорт салоҳиятини кенгайтириш, миллий брендларни халқаро майдонда тарғиб қилиш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги бозорлар эшигини очиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров бошчилигидаги делегациянинг Чехияга амалга оширган хизмат сафари доирасида қатор муҳим учрашув ва музокаралар ўтказилди. Ўзбекистоннинг Чехиядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган ташриф давомида делегация Чехия стандартлаштириш, метрология ва синовлар бошқармаси (UNMZ), Чехия Метрология институти (SMI) ҳамда Қурилиш техник ва синов институти (TZÚS) раҳбарияти билан музокаралар олиб борди.
Бу ҳақида Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувларда савдодаги техник тўсиқларни қисқартириш, маҳсулотлар сифатини халқаро талаблар даражасига олиб чиқиш, метрология ва стандартлаштириш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Европа Иттифоқи бозор назорати тажрибасини жорий этиш, шунингдек, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш ва илмий-инновацион ҳамкорликни ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Ташрифнинг яна бир муҳим натижаси сифатида Чехияда ўзбекистонлик мутахассисларнинг малакасини ошириш ҳамда Чехия Метрология институти билан ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор шериклик ҳужжатлари имзоланди. Бу эса соҳада халқаро тажриба алмашинувини янада жадаллаштириши кутилмоқда.

Прага шаҳридаги замонавий “Anděl Park” бизнес мажмуасида фаолиятини бошлаган “Made in Uzbekistan” миллий шоуруми маҳаллий ва хорижлик тадбиркорлар ҳамда харидорларда катта қизиқиш уйғотди. Ушбу кўргазма майдони орқали Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни Европа бозорида кенг тарғиб қилиш, экспорт ҳажмини ошириш ва маҳаллий корхоналарнинг Чехия ҳамда Европа Иттифоқининг бошқа давлатлари билан тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш кўзда тутилган.

Экспозицияда мамлакатимизнинг 17 та етакчи корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган 48 турдаги экспортбоп маҳсулотлар намойиш этилмоқда. Уларнинг аксарияти озиқ-овқат, тўқимачилик, қурилиш материаллари, маиший ва саноат маҳсулотлари каби йўналишларни қамраб олган бўлиб, Европа бозори талабларига мослиги билан ажралиб туради.

Экспертлар фикрича, Прагада “Made in Uzbekistan” миллий шоурумининг иш бошлаши миллий маҳсулотларимиз учун доимий маркетинг ва савдо платформасини яратади. Бу эса экспорт географиясини кенгайтириш, янги шериклар жалб қилиш ҳамда “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” брендининг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА