Ўзбекистон - Корея муносабатида янги саҳифа очилмоқда
Маълумки, Жанубий Корея билан муносабат Янги Ўзбекистон дипломатиясида энг барқарор, сермазмун ва натижадор йўналишлардан бири сифатида ажралиб туради. Ўзига хос жиҳати фақат сиёсий мулоқот ёки иқтисодий манфаат билан чегараланмайдиган айни ҳамкорлик халқ дипломатияси, меҳнатсеварлик маданияти, модернизация тажрибаси, технология тараққиёти, таълим, фан, соғлиқни сақлаш ва инсон капиталини ривожлантириш ва бошқа кўплаб соҳаларни қамраб олган кенг қамровли шериклик моделига айланган.
Ўзбекистон учун Корея Республикаси – қисқа тарихий давр ичида аграр жамиятдан юқори технологияли саноатлашган давлатга айланган муваффақиятли модернизация намунаси. Корея учун эса Ўзбекистон – Марказий Осиё юрагида жойлашган, йирик демографик салоҳият, бой табиий ресурс, очиқ иқтисодий ислоҳот дастури ва минтақавий транспорт-логистика имкониятига эга стратегик ҳамкор. Алоқаларнинг яна бир муҳим пойдевори юртимизда истиқомат қилаётган корейс диаспорасидир. Маълумотга кўра, диёримизда қарийб 180 000 корейс яшайди. Бу омил икки халқ ўртасидаги тарихий-маданий яқинликни мустаҳкамловчи ноёб ижтимоий кўприкдир.
Ўзбекистон ва Корея шериклиги жараёни ўзаро ишонч, сиёсий мулоқот, иқтисодий манфаат ва технология ҳамкорлиги изчил чуқурлашаётганини кўрсатади. Сиёсий-дипломатик ютуқларнинг туб илдизи умумий ишонч, мунтазам мулоқот ва амалий натижадорликка асосланган.

Сўнгги йилларда икки давлат раҳбарлари, ҳукуматлар, парламентлар, ташқи ишлар вазирликлари ва соҳавий идоралар ўртасидаги алоқалар мунтазам тус олди. Энг муҳими, мулоқотлар фақат дипломатик баёнот билан чекланмай, амалий лойиҳа, сармоявий дастурлар, технология ҳамкорлиги ва инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган аниқ натижа билан мустаҳкамланмоқда.
Муносабатнинг бугунги босқичи “алоҳида стратегик шериклик” тушунчаси билан тавсифланади. Бу оддий дипломатик ибора эмас. Мазкур мақом сиёсат, иқтисодиёт, хавфсизлик, технология, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва инсон капитали каби кўплаб йўналишлардаги ҳамкорлик чуқур ва узоқ муддатли хусусиятга эгалигини билдиради. 2024 йилги олий даражадаги музокарада Президент Шавкат Мирзиёев келгуси уч йил учун Ўзбекистон – Корея алоҳида стратегик шериклигининг янги юқори технологияли кун тартибини шакллантириш зарурлигини таъкидлаган эди. Давлатимиз раҳбари бу жараённи “икки мамлакат юқори технологияли ва инновацион ҳамкорлигининг янги даври” деб эълон қилиш ташаббуси билан чиқди. Шу асосда Ўзбекистонда минтақавий юқори технология хаби яратиш бўйича стратегик дастур тайёрлаш вазифаси белгиланди.
Ўта муҳим минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш, ярим ўтказгич соҳасида ҳамкорлик, кимё саноати, “яшил” водород ва аммиак ишлаб чиқариш, машинасозлик, “ақлли” қишлоқ хўжалиги, инфратузилма модернизацияси, шаҳарсозлик, қайта тикланадиган энергетика ва энергия самарадорлиги мазкур стратегик кун тартибининг асосий йўналишлари сифатида белгиланди. Шунингдек, Жиззах вилоятида KIA автомобилини йиғиш тизими ишга туширилгани, келгусида йилига 60 000 дан кўп седан ишлаб чиқариш режалаштирилгани қайд этилди.
Айни ёндашув Ўзбекистон – Корея муносабатидаги муҳим сифат ўзгаришини англатади. Энди ҳамкорлик фақат инвестиция жалб қилиш ёки тайёр маҳсулот импорт қилиш билан чекланмайди. Бинобарин, икки давлат қўшма технология занжирини яратиш, маҳаллий кадрлар тайёрлаш, ишлаб чиқариш жараёнини такомиллаштириш ва Ўзбекистонни Марказий Осиёда юқори технологияли саноат марказига айлантириш йўлида ҳамкорлик қилмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатлар иқтисодиёти барқарор ўсиш жараёнини бошдан кечирмоқда. 2025 йил ўзаро савдо айланмаси 1,7 миллиард долларни ташкил этди, Жанубий Корея Ўзбекистонга киритган сармоя 7,7 миллиард долларга кетди. Май ойида Президент Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Ку Юн Чхол бошчилигидаги делегацияни қабул қилганда жорий йил бошидан товар айланмаси қиймати 12 фоиз ошгани, мамлакатимизда 1000 га яқин қўшма корхона фаолият юритаётгани ва Корея инвестицияси 8 миллиард доллардан ошгани қайд этилди. Бу рақамлар Корея иқтисодиётимиз модернизациясида энг муҳим инвестициявий ва технологик шериклардан бири эканини кўрсатади.
Корея капитали, аввало, юқори қўшилган қийматга эга тармоқларга йўналтирилаётгани билан аҳамиятли. Автомобилсозлик, кимё, электротехника, фармацевтика, энергетика, тўқимачилик, инфратузилма, қурилиш, логистика, соғлиқни сақлаш ва рақамли технология шулар жумласидан.
Яна бир эътиборли жиҳат: соғлиқни сақлаш йўналишида Корея билан ҳамкорлик ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларда намоён. Корея томони билан ҳамкорликда қурилган замонавий кўп тармоқли болалар клиникаси самарали шериклик намунаси сифатида тилга олинади. 2024 йилги музокарада катталар учун шифохона ва онкология клиникасини бирлаштирган тиббий кластер лойиҳасини жадаллаштириш бўйича келишувга эришилди. Зеро, икки мамлакат ҳамкорлиги нафақат иқтисодий ўсиш, балки инсон саломатлиги ва ижтимоий фаровонликка ҳам хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон – Корея муносабатининг энг муҳим халқона асоси маданий яқинлик ва халқ дипломатиясидир. Диёримизда яшаётган корейс диаспораси ўзаро дўстликнинг табиий кўприги бўлиб хизмат қилади. Корейс диаспораси вакиллари юртимизнинг ижтимоий, иқтисодий, маданий ва илмий ҳаётида фаол иштирок этиб келади. Уларнинг жамиятимизга интеграциялашуви Ўзбекистондаги бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва маданиятлараро мулоқот сиёсатининг яққол инъикосидир.
1999 йилдан буён “Ўзбекистон – Корея” дўстлик жамияти фаолият юритиб келмоқда. Тошкентда 1992 йилдан бери Корея таълим маркази ишлайди. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Самарқанд давлат чет тиллар институтида корейс тили ва маданияти марказлари фаолият кўрсатмоқда.
Маданий алоқаларнинг амалий кўриниши сифатида Ўзбекистонда корейс миллий байрамлари ва маданий тадбирлари мунтазам ўтказиб келинади. Масалан, 2025 йил 4 октябрь куни Корея маданияти ва санъати саройи биносида “Чхусок-2025” байрами кенг нишонланиб, концерт дастури, миллий таомлар сайли, ижодий маҳорат сабоғи ва кўргазма ташкил этилди. Бугун корейс фильмлари, замонавий дизайн, рақамли контент, корейс тили ва гастрономияси ёшларимиз орасида жиддий қизиқиш уйғотмоқда. Ўз навбатида, мақом санъати, тарихий шаҳарларимиз, ҳунармандлик, миллий либослар, адабиёт ва туризм салоҳияти Корея жамоатчилиги учун жозибадор.
Шу маънода Ўзбекистон – Корея муносабати нафақат икки давлат манфаати, балки Марказий Осиёда инновацион тараққиёт, саноат модернизацияси, инсон капитали ривожи ва маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим ҳамкорлик моделидир.
Давлатимиз раҳбарининг Жанубий Кореяга бу галги ташрифи икки мамлакат сиёсий-ижтимоий ҳаётида янги саҳифа очиши шубҳасиз. Ташриф Тошкент ва Сеул ўртасидаги алоҳида стратегик шерикликни сиёсий мулоқотдан юқори технологияли иқтисодиётга, маданий яқинликдан илмий-инновацион ҳамкорликка элтувчи янги имконият майдонига айлантиради.
Фазилат Нурметова,
Ўзбекистон Журналистика ва
оммавий коммуникациялар университети
катта ўқитувчиси