Ўзбекистон ижобий имижида янгилик
26 апрель – Халқаро интеллектуал мулк куни
Ўзбекистон АҚШ Савдо вакиллигининг (USTR) махсус ҳисоботида интеллектуал мулкнинг ҳуқуқий муҳофазаси ва ҳимояси ҳолати бўйича кузатувдаги давлатлар рўйхатидан (қора рўйхат) чиқарилди.
Муайян давлатнинг “кузатувдаги давлатлар рўйхати”га киритилиши унда интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш бўйича жиддий муаммолар мавжуд эканлигини кўрсатади ҳамда бевосита хорижий корхоналар томонидан инвестициявий фаолиятни амалга оширишда алоҳида эътибор қаратилади.
Ўзбекистон 2000 йилда ушбу рўйхатга киритилган бўлиб, 24 йилдан буён “кузатувдаги давлатлар рўйхати”да қолаётган эди, дейилади Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Интеллектуал мулк департаменти маълумотида.
Ушбу натижага охирги беш йилда интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш тартибларини соддалаштириш, уларга бўлган ҳуқуқларни самарали ҳимоя қилиш, халқаро шартномаларга аъзо бўлиш ва ташқи алоқаларни ривожлантириш ҳамда Жаҳон савдо ташкилотининг TRIPS битими талабларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш йўналишида амалга оширилган тизимли ишлар сабабли эришилган.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА