Ўзбекистон Республикаси “ASIA Records” томонидан қитъада “ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган энг кўп исломий тарихий шаҳарларга эга мамлакат” сифатида расман эътироф этилди.
Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтган тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси ҳамда мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси вакиллари иштирок этди.
Эътирофга кўра, Ўзбекистонда жойлашган Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарлари ЮНЕСКО томонидан тан олинган исломий тарихий шаҳарлар ҳисобланади. Бу кўрсаткич Ўзбекистонни Осиёда ислом цивилизациясининг энг бой ва яхлит сақланган марказларидан бири сифатида намоён этмоқда.
Буюк Ипак йўлининг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон асрлар давомида ислом оламининг маданият, илм-фан ва маънавий анъаналари чорраҳаси бўлиб келган. Унинг тарихий шаҳарларида ислом меъморчилиги, шаҳарсозлик ва илмий тафаккурнинг юксак намуналарини — масжидлар, мадрасалар, мақбаралар ҳамда яхлит шаҳар ансамблларини бугунги кунгача асл муҳитда кўриш мумкин. Айнан шаҳарларнинг комплекс тарзда сақланиб қолгани, алоҳида ёдгорликлар эмас, балки бутун тарихий муҳитнинг яхлитлиги ушбу меросни чиндан ҳам ноёб қилади.
Меъморий мерос билан бир қаторда, Ўзбекистон бугунги кунда ҳам зиёрат ва маданий туризмнинг муҳим маркази бўлиб қолмоқда. Тошкентдаги Ҳазрати Имoм мажмуаси, Самарқанддаги Имом ал-Бухорий мақбараси, Бухородаги Баҳовуддин Нақшбанд ва Чашмаи Айюб мажмуалари, шунингдек, Термиздаги исломий ёдгорликлар бутун дунёдан келаётган зиёратчилар ва сайёҳларни ўзига жалб этиб келмоқда.
Халқаро майдонда мамлакат туризм соҳаси вакиллари томонидан қабул қилинган "ASIA Records" мукофоти Ўзбекистоннинг исломий тарихий меросни асраш, ривожлантириш ва тарғиб этиш борасидаги етакчилигини, шунингдек ушбу мероснинг бутун инсоният учун умуминсоний қадриятга эга эканини эътироф этади.
Мазкур маълумотлар Туризм қўмитаси матбуот хизмати томонидан тақдим қилинди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА