Ўзбекистон иқтисодий дипломатияси: Ироқ
Бугунги кунда Ўзбекистон ташқи сиёсатида иқтисодий дипломатия устувор йўналишга айланди. Ушбу жараён эндиликда шунчаки алоқа ўрнатиш эмас, балки янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадини ошириш ва мамлакат хавфсизлиги учун мустаҳкам пойдевор шакллантириш демакдир. Зеро, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, иқтисодий барқарорлик – инсон қадрини юксалтиришнинг энг муҳим омилидир.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси тарихий рекорд кўрсаткичга эришиб, илк бор 80 миллиард доллардан ошди. Экспорт ҳажми 33,5 миллиард долларни, хорижий сармоя эса 43 миллиард доллардан зиёдни ташкил этди. Айниқса, 2025 йил имзоланган 160 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари ва савдо битимлари мамлакатимиз иқтисодий жозибадорлиги ортиб бораётганидан далолат.
Кейинги пайт Ироқ ишлаб чиқарувчиларимиз учун янги, истиқболли бозор сифатида намоён бўлмоқда. Йилига қарийб 100 миллиард долларлик маҳсулот импорт қилувчи ушбу мамлакат бизнинг тадбиркорлар учун стратегик ҳамкорга айланмоқда. Сўнгги икки йилда ўзаро товар айланмаси 43 фоиз ошди. Ироқдан 150 йирик компания вакиллари юртимизга ташриф буюриб, маҳаллий ишлаб чиқариш қувватлари билан танишди. Улар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини юқори баҳолаб, Ироқда брендларимизнинг расмий вакиллик тармоғини очишга қарор қилди.
Ҳозир экспортчиларимиз асосий эътиборни озиқ-овқат, тамаки маҳсулотлари ва кимё саноати товарларига қаратган. Ироқдан импорт қилинаётган маҳсулотлар асосан ёнилғи-энергетика ресурслари ва нефть маҳсулотларидан иборат. Фақат жорий йилнинг ўзида Ироққа юзлаб миллион долларлик маҳсулот етказиб бериш бўйича аниқ келишувларга эришилди.
Шу билан бирга элчиларимизга нафақат сиёсий, балки фаол иқтисодий вазифалар ҳам юкланмоқда. Ироқ билан йўлга қўйилган муваффақиятли тажриба асосида Вьетнам, Баҳрайн ва Португалия каби давлатлар бозорига ҳам чуқур кириб бориш режалаштирилган.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон иқтисодий дипломатияси янги босқичга чиқди. Ташқи бозорлардаги фаоллик нафақат экспорт миқдорини оширмоқда, балки ички иқтисодиётни юксалтириш драйверига айланмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА