Ўзбекистон – Хитой: самарали ҳамкорлик
Бухоро вилояти Когон тумани ҳокими Отабек Қазоқов хитойлик инвестор “Shanghai Kaida Safety Technology Engineering Co” компанияси бош директори Зханг Фанг Сонг бошчилигидаги инвесторлар билан учрашди. Мулоқотда ҳудуд иқтисодий салоҳияти, чет эллик сармоядорларга яратилган имконият, инвестиция муҳити ва келгусидаги муҳим ҳамкорлик муҳокама қилинди.
Учрашув давомида туманнинг “Зирабод” массивида барпо этилаётган “Бухоро саноатни ривожлантириш мажмуаси” махсус саноат паркида инвесторларга тадбиркорлик субъектлари учун яратилган шароит, имтиёз ва имкониятлар ҳақида маълумотлар берилди.

Когон туманида юқори технологияларга асосланган замонавий саноат қувватларини ишга тушириш, ички ва ташқи бозорлар учун рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича қатор лойиҳалар самарали амалга оширилмоқда.

Масалан, темирйўлчилар туманидаги Зирабод маҳалласида “Бухоро саноат ривожлантириш мажмуаси” махсус саноат парки қурилиши олиб борилмоқда. “Зирабод” чўл массивидан танланган минг гектар майдонда амалга оширилаётган лойиҳа натижасида Бухоро вилоятига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш, юқори технологияларга асосланган замонавий саноат қувватларини ишга тушириш, ички ва ташқи бозорлар учун рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда янги иш ўринлари яратилишига эришилади.

Бунда биринчи босқичда 300 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳа амалга оширилади. Бу саъй-ҳаракат вилоят иқтисодиётига йилига 250 миллион АҚШ доллари миқдорида қўшилган қиймат, 2 мингта иш ўрни, 250 миллиард сўм солиқ тушуми ва 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги экспорт имконини беради.
Айни пайтда умумий майдони 93 минг квадрат метр бўлган иккита йирик ишлаб чиқариш биносида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Объект 2025 йилнинг иккинчи чорагида фойдаланишга топширилиши, бунда полимер қувурлари ва “PET” толаси ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири