Ўзбекистон – Хитой ўртасида ҳамкорлик кенгаймоқда
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда Таълим ва спортни ривожлантириш бўйича Ўзбек-Хитой ассоциацияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Меморандум Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори Р.Маткаримов ҳамда Таълим ва спортни ривожлантириш бўйича Ўзбек-Хитой ассоциацияси раисаси Веи Жие хоним томонидан имзоланди.
Мазкур ҳужжат икки мамлакат ўртасида таълим, илм-фан, спорт ва маданий алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилган бўлиб, келишувга мувофиқ талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, қўшма илмий тадқиқотлар, маданий тадбирларни ташкил этиш, халқаро конференциялар ва форумлар ўтказиш ҳамда Хитойнинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш режалаштирилган.

Имзоланган меморандум ёшлар учун янги имкониятлар яратишда муҳим аҳамиятга эга эканлиги билдирилиб, халқаро тажриба алмашинувини кенгайтириш борасида ишлаб чиқилиши лозим бўлган лойиҳалар хусусида мутасаддилар ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини илгари сурди.
Учрашув якунида томонлар самарали ҳамкорлик Ўзбекистон-Хитой давлатларининг спорт ҳамжамиятлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилганлиги билан аҳамиятли эканлигини таъкидлади.
Т.Рўзиев, ЎзА