Ўзбекистон – ГФР муносабатлари жадал ривожланмоқда
Ўзбекистон ташқи сиёсатида Германия билан кўп қиррали ҳамкорлик муҳим ахамият касб этади. Ўзаро муносабатлар, айниқса, кейинги йилларда сифат жиҳатидан янги, ўзаро англашув ва ишончга асосланган юқори поғонага кўтарилди. Олий даражадаги алоқалар жадаллиги ва эришилган келишувлар изчил бажариб борилиши икки томонлама кун тартиби мазмунан кенгайишини таъминламоқда.
Мамлакатлар раҳбарияти ва ҳукуматлари даражасида ишончли мулоқот ривожланиб, сўнгги 5 йил ичида икки мамлакат президентларининг тўрт бор ўзаро ташрифи амалга оширилди.
Қўшма Ишбилармонлар кенгаши фаол иш олиб бормоқда. Товар айирбошлаш 36 фоиз, Ўзбекистондан экспорт ҳажми эса 62 фоизга ўсди. Германия Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим инвесторига айланмоқда. Юртимизга кириб келган олмон сармояси миқдори 5,5 миллиард долларга етди. Шундан 4 миллиарди сўнгги бир неча йил ичида жалб қилинган. Хусусан, 2016-2024 йиллар Германия маблағи иқтисодиётимизнинг базавий тармоқлари – энергетика, тоғ-кон, кимё саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, транспорт салоҳиятини ривожлантиришга йўналтирилди. Айни пайт немис компаниялари иштирокида республикамизда умумий қиймати 5 миллиард евролик 60 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилмоқда. Бугунги кунда ГФРнинг 220 дан зиёд компанияси бизнинг бозорига кириб, муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасини жипслаштириш амалиёти Германия ижтимоий-сиёсий доиралари томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда. Немис экспертлари Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг минтақа барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган яхши қўшничилик ва дўстона муносабатлар ўрнатиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаб келмоқда. Бундай сиёсат барча қардош ўлкаларни ўсиб бораётган жозибадор бозорга, инвестиция ва сиёсий-иқтисодий фаоллик марказига айлантирмоқда.
Сайфиддин Жўраев,
ТДШУ профессори