Ўзбекистон – Франция: янги ҳамкорлик босқичига қадам
Франция Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Валид Фук Жиззах вилоятига ташриф буюрди. Ташриф ҳудудлараро ҳамкорликни чуқурлаштириш, инвестициявий алоқаларни фаоллаштириш ва истиқболли қўшма лойиҳаларни амалий босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Мартабали меҳмонни вилоят ҳокимлиги масъуллари Жиззах темир йўл вокзалида кутиб олдилар. Дастлаб элчи “ADM Jizzakh” автомобилсозлик корхонаси фаолияти билан танишди. Корхонада замонавий автомобиллар ишлаб чиқариш жараёнлари, мавжуд қувватлар, локаллаштириш даражаси ва истиқболли инвестиция лойиҳалари тақдим этилди. Жорий этилаётган илғор технологиялар, экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини ошириш ва янги иш ўринлари яратиш борасидаги ишлар меҳмонда катта қизиқиш уйғотди.
Элчига вилоятда саноатни диверсификация қилиш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва хорижий сармояларни жалб этиш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар хусусида батафсил маълумот берилди. Қайд этилганидек, Жиззах вилояти сўнгги йилларда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида барқарор ўсиш суръатларини намоён этмоқда.
[gallery-27712]
Ташриф доирасида вилоят ҳокимлигида расмий учрашув бўлиб ўтди. Музокараларда икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, тоғ-кон металлургияси, автомобилсозлик, қайта ишлаш саноати ҳамда замонавий технологик лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Франция иштирокидаги қўшма корхоналар сонини кўпайтириш, илғор технологиялар трансферини йўлга қўйиш ва малакали кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни кучайтириш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Музокаралар якунида томонлар иқтисодий, ижтимоий ва технологик йўналишлардаги шерикликни янада ривожлантириш, инвестициявий алоқаларни фаоллаштириш ҳамда аниқ натижага йўналтирилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш юзасидан ўзаро келишувга эришдилар.
Элчи Валид Фук ташриф давомида вилоятдаги олий таълим муассасаси ва умумтаълим мактабларида ҳам бўлиб, таълим жараёни, хорижий тилларни ўқитиш сифати ҳамда халқаро ҳамкорлик имкониятлари билан танишди. Бу эса иқтисодий шериклик билан бир қаторда таълим ва маданий алоқаларни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганини кўрсатди.
Қайд этиш жоизки, мазкур ташриф Жиззах вилоятининг халқаро иқтисодий майдондаги ўрни тобора мустаҳкамланаётганини, ҳудудда инвестициявий муҳит изчил яхшиланиб бораётганини яна бир бор тасдиқлади. Франция билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш эса вилоят тараққиётига қўшимча суръат бағишлаши шубҳасиз.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари