
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 апрель куни “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммитида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен билан суҳбатлашди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди ҳамда 4 апрель куни бўлиб ўтадиган минтақалараро саммит ва иқлим форумига оид масалалар кўриб чиқилди.
Сўнгра давлатимиз раҳбари Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен билан учрашув ўтказди.
Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт ва инвестиция соҳаларида янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Турли даражалардаги фаол мулоқотлар ва сермаҳсул алмашинувлар, амалий ҳамкорликнинг институционал механизмлари доирасида самарали ишлар олиб борилаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланишга тайёрланмоқда.
Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми барқарор ортиб бормоқда. Европанинг етакчи компаниялари иштирокидаги инвестиция лойиҳалари портфели 30 миллиард евродан зиёдни ташкил этмоқда. Мамлакатимиз Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг йирик бенефициари ҳисобланади, Тошкент шаҳрида Европа инвестиция банкининг минтақавий ваколатхонаси очилмоқда.
Eвропа Иттифоқининг бош институтлари раҳбарлари Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар дастурини, шунингдек, Марказий Осиёда яхши қўшничилик, ишонч ва шерикликни мустаҳкамлаш борасидаги сиёсатни юксак баҳоладилар ва қатъий қўллаб-қувватлашларини билдирдилар.
Музокараларда асосий эътибор инновациялар, “яшил” энергетика, тоғ-кон тармоғи, қишлоқ хўжалиги, транспорт, логистика, рақамлаштириш ва бошқа йўналишларда қўшма дастур ва кооперация лойиҳаларини илгари суришга қаратилди.
Туризм, маданият, фан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги фаол алмашинувларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Бўлажак “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматидаги биринчи олий даражадаги саммит кун тартибидаги масалалар ҳамда Европанинг “Глобал дарвоза” стратегияси доирасида икки минтақанинг ўзаро боғлиқлигини кучайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари, жумладан, Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен ҳузурида мамлакатимизда Европа инвестиция банкининг минтақавий офисини таъсис этиш тўғрисида битим имзоланди.
1958 йилда ташкил этилган Европа инвестиция банки Европа Иттифоқининг етакчи молиявий институтидир.
Таъкидлаш жоиз, офиснинг Тошкент шаҳрида очилиши ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, Ўзбекистонда ва умуман Марказий Осиёда “яшил” иқтисодиёт, инновацион саноат ва замонавий инфратузилмани ривожлантиришга жалб этилаётган инвестициялар ҳажмини ошириш имконини беради.
Олий даражадаги Ўзбекистон – Европа музокаралари якунида биргаликда дарахт экиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен Самарқанд шаҳридаги Конгресс маркази хиёбонида икки туп эман экдилар.
Кўчат экиш маросими Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида дўстлик, кўп қиррали ҳамкорлик ва шериклик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётганининг яна бир рамзи бўлди.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбари ҳамроҳлигида Антониу Кошта ва Урсула фон дер Ляйен Самарқанд халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” тарихий-этнографик мажмуасида бўлдилар.
Меҳмонларга халқимизнинг бетакрор бадиий, ҳунармандлик ва мусиқий маданияти намойиш этилди.
***
Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд саммитида иштирок этиш учун юртимизга келган Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) президенти Одиль Рено-Бассо билан ҳам учрашди.
Мулоқотда мамлакатимизнинг ушбу нуфузли халқаро молиявий институт билан кенг кўламли ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари атрофлича кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ва EТТБ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларида юксак даражага эришилгани катта мамнуният билан қайд этилди. Устувор тармоқлардаги қўшма лойиҳалар портфели барқарор кенгайиб бормоқда. Банкнинг мамлакатимиз иқтисодиётига киритган жами инвестициялари 5 миллиард евродан ошди, жумладан, ўтган йил якунларига кўра қарийб 1 миллиард еврони ташкил этди. Молиявий кўмакнинг асосий ҳажми хусусий секторга тўғри келмоқда.
Мамлакатимиз бўйича ўрта муддатли Шериклик стратегияси самарали амалга оширилмоқда. EТТБ экспертлари кўмагида банк соҳасини трансформация қилиш ва бизнес учун имкониятларни кенгайтириш чоралари кўрилмоқда.
Учрашувда лойиҳаларнинг ижроси сифатини яхшилаш ва самарадорлигини ошириш бўйича биргаликдаги ишлар ўз натижасини бераётгани қайд этилди. Жараёнларни мақбуллаштириш ва лойиҳаларни тайёрлашни тезлаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини, шу жумладан, таълим, сув таъминоти, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш каби муҳим йўналишларда кенгайтириш масалалари диққат марказида бўлди.
“Яшил” иқтисодиёт, углерод чиқиндиларини камайтириш, рақамлаштириш ва сунъий интеллект, ипотека бозори, транспорт коммуникацияларини ривожлантириш ва бошқа соҳалардаги дастур ва лойиҳалар ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.
Жорий йил июнь ойида Тошкент халқаро инвестиция форуми ва Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, Ғолиб ҲАСАНОВ, ЎзА мухбирлари